Назария ва амалиётни бирлаштирган самарали шакл
Бугунги кунда таълим тизимида замонавий, амалиётга йўналтирилган ва меҳнат бозори талабларига мос кадрлар тайёрлаш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Айниқса, педагог кадрларни тайёрлаш жараёнида назарий билим билан бир қаторда, бевосита амалий фаолият давомида зарур кўникма ва компетенцияларни шакллантириш алоҳида аҳамият касб этади. Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида дуал таълим шаклининг самарали йўлга қўйилиши таълим жараёнини амалиёт билан янада яқинлаштириш, бўлажак мутахассисларнинг касбий тайёргарлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

2026-2027 ўқув йилидан бошлаб институтда бакалавриатнинг мактабгача таълим йўналишида дуал таълим шакли йўлга қўйилди ва унга мактабгача таълим ташкилотларида фаолият юритаётган ўрта махсус маълумотли 400 нафардан ортиқ педагог кадр қабул қилинди.

Дуал таълимнинг асосий жиҳати шундаки, таълим олувчи олий таълим муассасасида назарий билимларни эгаллаш билан бирга, ўз касбий фаолиятини амалиёт билан уйғун ҳолда давом эттиради. Бу эса ўқиш жараёнида олинган билимларни реал иш шароитида синаб кўриш, мустаҳкамлаш ва такомиллаштириш имконини беради. Яъни, анъанавий таълимда талаба аввал назарий билимларни эгаллаб, кейин амалиёт жараёнида уларни қўллашга ҳаракат қилса, дуал таълимда бу икки жараён биргаликда олиб борилади.

Бундай ёндашув педагогика соҳасида, айниқса, мактабгача таълим йўналишида муҳим аҳамиятга эга. Чунки педагогнинг касбий маҳорати фақат назарий билимлар билан эмас, балки болалар билан ишлаш, таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш, замонавий педагогик методлардан фойдаланиш каби амалий кўникмалар билан ҳам белгиланади.
Институтда дуал таълимни ташкил этиш тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда, изчил ва тизимли равишда амалга оширилди. Ўқув жараёни “5+1” дастури асосида (5 кун иш ва 1 кун ўқиш) ҳудудий жиҳатдан қулай бўлиши учун шаҳар ва туманлар кесимида – Нукус шаҳри, Чимбой, Қўнғирот, Элликқалъа туманларидаги таянч мактабгача ва мактаб таълими муассасаларида марказлашган тартибда ташкил этилди.

Бу эса ҳудудларда фаолият юритаётган педагогларнинг ўз иш жойидан узоқлашмаган ҳолда олий маълумот олиши, назарий билимларини амалий фаолияти билан бевосита боғлаши учун қулай шароит яратади.
Бугун таълим сифатига қўйилаётган талаблар ортиб бораётган бир шароитда дуал таълим – назария ва амалиётни уйғунлаштирадиган, таълим олувчини реал касбий фаолиятга тайёрлайдиган ва малакали кадрлар тайёрлаш самарадорлигини оширадиган замонавий таълим модели сифатида ўз долзарблигини кўрсатмоқда.
Институтда ушбу йўналишнинг изчил ривожланиши эса таълим ва амалиёт ўртасидаги уйғунликни янада мустаҳкамлаб, юртимизда замонавий педагог кадрлар тайёрлаш сифатини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири