Наврўзи оламга муносиб яна бир муҳим сана...
Баҳор фасли ижодкор ва ижод аҳлига эҳтироми юксак ҳар қандай инсон қалбига илҳом бағишлайди. Бу борада улуғ ҳикмат соҳиби Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг "Сен баҳорни соғинмадингми?" деб номланувчи шеъри ҳар бир инсонни илҳомнинг завқига чорлайди.
21 март – Наврўз айёми сифатида нишонланишини биламиз, лекин ушбу куннинг яна бир муҳим сана эканини ёдга олсак арзийди. ЮНЕСКО Бош конференциясининг 1999 йил 15 ноябрда бўлиб ўтган 30-сессиясида 21 мартни “Бутунжаҳон шеърият куни” сифатида нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилинган. Шеърият инсоннинг энг муҳим, долзарб маънавий саволларига жавоб берувчи воситадир, дея таъкидланади ЮНЕСКО қарорида.
Бутунжаҳон шеърият кунини байрам қилишдан кўзланган асосий мақсад – шеъриятга кенг жамоатчиликнинг диққат-эътиборини имкон қадар кўпроқ жалб этишдан иборат. Ушбу халқаро сана тантаналари илк бор ЮНЕСКО қароргоҳи жойлашган пойтахт шаҳар – Парижда 2000 йилда ташкил этилган. Ҳозирги вақтда халқаро шеър байрами ЮНЕСКОга аъзо барча давлатлар, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам кенг нишонланмоқда.
Ушбу фаслга муносиб, ҳар бир ижодида баҳорий шаббодалар уфуриб турган Ўзбекистон халқ шоири Зулфияхоним таваллуди ҳам айни фаслнинг илк кунида кенг нишонланади.
Халқимиз қалбида мангу яшаб келаётган Ўзбекистон халқ шоири, давлатимиз мадҳияси муаллифи Абдулла Орипов ҳам 21 март куни таваллуд топган.
Ижод аҳли оламнинг назокатини инсонларга ёрқин сўзлар билан ифодалаши асносида Яратганга шукроналик, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини сингдириб бораверади. Буни теран англаган ҳолда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Хивада – Огаҳий, Тошкент шаҳрида – Абдулла Қодирий, Наманганда – Исҳоқхон Ибрат, Жиззахда – Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним ҳамда Шароф Рашидов, Қаршида – Абдулла Орипов, Марғилонда – Эркин Воҳидов, Нукусда – Ибройим Юсупов, Гулистонда – Ҳалима Худойбердиева, Термизда – Рўзи Чориев, Андижонда – Муҳаммад Юсуф номидаги махсус ижод мактабларига асос солинди.
Ўз навбатида, халқимиз севиб-ардоқлайдиган шоирларимиз номини абадийлаштириш ва ижодий меросини ўрганиш борасидаги ташаббуслар силсиласи анъанага айланди. Бугун ислоҳотлар ва имкониятларни қадрлаб ижод қилаётган Ўзбекистон фарзанди борки, кўплаб соҳалар қатори миллий адабиётимиз, муаззам шеъриятимиз ривожида янгича юксалишларга гувоҳ бўлмоқда. Бинобарин, Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Шеъриятга ошно бўлган инсон асло кам бўлмайди”.
Шеърият – инсониятга татигулик неъмат ва завқ ифодасидир. Шу маънода, ЮНЕСКО ташаббуси билан дунё миқёсида шеърият байрами учун алоҳида сана таъсис этилгани, ҳақиқатан ҳам, хайрли ишдир. Зотан, ижодга берилган таърифлар ичида энг чуқур маънога эга бўлгани сифатида қуйидагилар айтилган:
Шеъриятга ошно бўлмаслик ва уни тушунишга уринмаслик, саҳрода чанқоқ ҳолда кетаётиб, олдидан булоқ чиққанида, ича олмаслик билан баробардир.
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА