Навоийнинг олтин мероси
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида рус миллий маданий маркази билан ҳамкорликда "Алишер Навоийнинг олтин мероси" мавзуида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Мазкур қўмита раиси Рустамбек Қурбонов ва бошқалар ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларни миллий адабиётимизнинг энг сара намуналаридан баҳраманд этиш масаласи доимий эътиборда эканини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 19 октябрдаги "Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарорига асосан жорий йилда аллома бобомиз меросини ўрганишга бўлган эътибор янада кучайди.
Анжуманда қайд этилганидек, Алишер Навоийнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси наинки халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихида, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида алоҳида ўрин тутади. Улуғ шоир ўзининг шеърий ва насрий асарларида юксак умуминсоний ғояларни, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси билан намоён этиб, ер юзидаги миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллади.
Сўнгги йилларда Алишер Навоийнинг бой ва серқирра ижодий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг ўлмас асарларини юртимизда ва хорижий мамлакатларда кенг тарғиб қилиш ҳамда хотирасини абадийлаштириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Шоир туғилган қутлуғ 9 февраль санаси ҳар йили адабиёт ва маърифат байрами сифатида кенг нишонланаяпти. Улуғ сўз санъаткорининг асарлари мунтазам нашр этилиб, навоийшунослик соҳасида кўплаб тадқиқотлар олиб борилмоқда, республика ва халқаро миқёсда илмий анжуманлар ўтказилмоқда.
Улуғ бобомиз асарларида комил инсон, тинчлик ва ҳамжиҳатлик, инсонпарварлик ғояси устувор ўрин эгаллайди. Айни пайтда унинг достонлари қаҳрамонлари турли миллат вакиллари экани Навоий даҳосининг барча халқлар, элатларга бир хил ва тенг муносабатда бўлганидан дарак беради. Ҳали ҳануз Навоийнинг уммон каби тенги йўқ меросидан нафақат халқимиз, балки бутун инсоният баҳра олмоқда.
Анжуманда Навоий ижодидан намуналар ўқилди. Театрлаштирилган мусиқий дастур намойиш этилди.
Н.Усмонова,
ЎзА