Навоийлик ёшлар пешқадам
Сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш, ёшларга замонавий билим ва кўникмалар бериш, уларнинг олий таълим олиш имкониятларини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар ўз самарасини бермоқда.
Жорий ўқув йилида ҳам Навоий вилояти мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш тест синовларида ўртача балл кўрсаткичи ўтган йилга нисбатан 11 баллга ўсди.
Ҳудудлар кесимидаги натижаларда эса Навоий вилояти 112,8 баллик ўртача кўрсаткич билан республикада пешқадамлик қилмоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, натижалар нафақат тест синовларидаги ўртача балл, балки олий таълимга қамров кўрсаткичларида ҳам намоён бўлмоқда. Давлат олий таълим муассасаларига қабул қилинган мактаб битирувчилар сони сўнгги уч йилда 3,5 фоизга ошган.

Олий таълим муассасаларига кириш бўйича энг юқори кўрсаткич ҳам Навоий вилояти ҳиссасига тўғри келмоқда. Вилоят битирувчиларининг 52,5 фоизи олий таълимга киришга эришган. Бу натижа Бухоро вилоятидаги 37,9 фоиз ва Жиззах вилоятидаги 35,9 фоизлик кўрсаткичлардан анча юқори.
Яна бир муҳим жиҳат шундаки, жорий йилда 4 825 нафар мактаб битирувчиси тест синовларида энг юқори – 189 балл натижани қайд этган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 8 баробар кўп.

Албатта, юқори натижага эришган битирувчилар сонининг бундай суръатда ўсиши таълим тизимида рақобат муҳити кучайиб бораётганини, ўқувчиларнинг юқори натижа учун интилиши, ўқитувчиларнинг индивидуал ёндашуви, қўшимча машғулотлар ва фанларни чуқур ўзлаштиришга яратилган имкониятлар натижасидир.
Абдували Бўриев, ЎзА мухбири