Навоийдан таралган мангу наволар
Алишер Навоий ва Бобур ғазаллари билан айтилувчи қўшиқлар халқимизнинг қалбидан жой олгани, асрлар мобайнида яшаб келаётгани, бадиий баркамоллиги, гўзаллиги ва нафосати билан ғоят қадрли. Бу мусиқий асарлар жаҳон миқёсида ҳам юксак эътироф этилиб, инсониятнинг гўзал маънавий меросига айланган.
Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтида Aлишер Навоий таваллудининг 584 йиллиги ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 542 йиллигига бағишлаб ташкил этилган “Назм ва наво” кечасида бу жиҳатлар яна бир карра ўзининг ёрқин ифодасини топди.

Мазкур маърифий тадбирда икки мутафаккирнинг бетакрор ижод намуналари, Шарқ халқларининг турмуш тарзи, урф-одатлари, табиати, ва қадриятлари ҳақида муфассал маълумот берувчи, инсонни комилликка ундовчи асарлари ёш авлодни она юртга муҳаббат, истиқлолга садоқат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Тадбирнинг бадиий қисмида “Сарахбори ушшоқ”, “Ғунчадек кўнглим мени”, “Бухоро тўлқини”, “Қолдиму”, “Навоий монологи”, “Муножот”, “Мушкулдир”, “Жунун водийси”, “Яхшилик” каби дурдона асарлар эл суйган, давлат унвонлари ҳамда мукофотлари билан тақдирланган профессор-ўқитувчилар, халқ ҳофизлари, ҳамда бирқатор ижодкор талабалар томонидан ижро этилди.
* * *
Ўзбекистон Касаба уюшмалари саройида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ижодий жамоаси томонидан буюк шоир ва мутафаккир, давлат ва жамоат арбоби Aлишер Навоий таваллудининг 584 йиллигига бағишланган “Навоийдан таралган мангу наволар” номли жонли ижродаги театрлаштирилган концерт дастури ташкил этилди.

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори, профессор Нодирбек Сайфуллаевнинг бевосита ташаббуси билан ташкил этилган мазкур концерт дастурида институтнинг профессор-ўқитувчилари ва истеъдодли талаба-ёшлари томонидан Aлишер Навоий ғазаллари куйга солиниб, маҳорат билан ижро этилди. Шунингдек, саҳна кўринишларида шоирнинг ҳаёти ҳамда асарларидан парчалар намойиш қилинди. Дастурдан севги-муҳаббат ва ватанпарварлик руҳидаги куй ва қўшиқлар ҳамда шеърият намуналари ҳам ўрин олди.
Тадбирда маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Aҳмедов Aлишер Навоий ўзбек адабиётининг энг буюк шахсларидан бири эканлигини, унинг ижоди нафақат адабиёт, балки санъат ва маданиятнинг ҳам ривожида беқиёс аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.

Шу билан бирга концертнинг энг муҳим жиҳати унинг устоз-шогирд анъаналари асосида ташкил этилгани, саҳнада санъат дарғалари ва ёш истеъдодлар бир саҳнада куй-қўшиқ ва ғазаллар ижро этгани, бу эса талабаларнинг келгуси ижодида муҳим қадам бўлиши эътироф этилди.

Нодирбек Сайфуллаев концертни ташкил этишдан асосий мақсад Навоийни англаш ва англатиш, унинг ҳикматларини ҳаётимизга татбиқ этишга ҳисса қўшиш бўлса, яна бир мақсад ёшларни устозлари билан бир саҳнага олиб чиқиш орқали уларга ижодий тажриба тўплашларига, институтда олаётган билим ва кўникмаларини амалда қўллашларига имконият яратиш эканлигини қайд этди. Бу ёшлар устозлари билан бирга келажакда эл ардоғидаги санъаткор бўлиб етишишига шубҳа йўқ. Шунингдек, келгусида бу каби тадбирларни яна кўпроқ ўтказиш ҳамда қамровини янада кенгайтириш мақсад қилингани қайд этилди.

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти актёрлик, режиссёрлик, кинотелеоператорлик, санъатшунослик, фольклор ижрочилиги, миллий қўшиқчилик, халқ чолғулари ижрочилиги, маданиятшунослик, кутубхонашунослик ҳамда маданият ва санъат менежменти таълим йўналишларида юқори малакали кадрлар тайёрловчи етакчи олий таълим муассасаларидан ҳисобланади.
“Навоийдан таралган мангу наволар” номли театрлаштирилган концерт дастури бу сўзларнинг яна бир исботи бўлди. Концертга келган меҳмонлар Алишер Навоийнинг беназир, бетакрор, даҳо ижодкор эканини мусиқа воситасида яна бир карра англади.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири.