Навоийда янги лойиҳалар амалга оширилмоқда
Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида “Янги Навоий” дирекцияси томонидан ишбилармонлар, тадбиркорлар, инвесторлар ҳамда халқаро молия институтлари вакиллари учун инвестиция лойиҳалари тақдимоти ташкил этилди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ва инвестиция ислоҳотлари ҳудудларни комплекс ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда хусусий капитал иштирокини кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Бу жараёнлар натижасини Навоий шаҳрида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Бугунги кунда “Янги Навоий” шаҳарчасини қуриш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.
“Янги Навоий” шаҳарчаси қурилиши лойиҳаси учун 1 минг 100 гектар ер Кармана туманидан Навоий шаҳрига ўтказилган. Биринчи босқичда 450 гектар майдонда қурилиш ишлари олиб борилади.
[gallery-29841]
Шаҳарчада кўп қаватли уй-жойлар, умумтаълим мактаблари, боғчалар, поликлиника барпо этилади. “Янги Ўзбекистон” боғи, Навоий давлат университетининг янги кампуси қурилади. Шунингдек, шаҳарчада сайилгоҳ, кўнгилочар масканлар, савдо дўконлари, овқатланиш шохобчалари ташкил этилади.
Тақдимотда вилоят ҳокими Нормат Турсунов иштирок этиб, вилоятда олиб борилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари, иқтисодий ривожланишнинг устувор йўналишлари ҳамда инвесторлар учун яратилган имкониятлар ҳақида атрофлича маълумот берди.
Тадбир доирасида “Янги Навоий” шаҳарчаси, “Янги Ўзбекистон” боғи, “Ёшлик” кўли атрофида барпо этилаётган туристик мажмуа, “Ғалаба боғи” ҳамда Қадимий Кармана туристик маркази каби истиқболли лойиҳалар тақдим этилди.
Тақдимот давомида савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, умумий овқатланиш шохобчалари ҳамда кўнгилочар масканларни тадбиркорларга ижара асосида бериш, хусусий инвестициялар ҳисобига янги бизнес лойиҳаларини ривожлантириш ҳақида сўз юритилди.
Шунингдек, муҳандислик-коммуникация тармоқларини ривожлантириш, замонавий инфратузилма яратиш ва инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳудудларни комплекс ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларнинг муҳим қисми эканлиги таъкидланди.
Албатта, давлатимиз раҳбари томонидан хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ва инвестицияларни жалб қилиш бўйича белгиланган вазифалар бу каби лойиҳаларнинг муваффақиятли амалга оширилиши учун мустаҳкам замин яратмоқда.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари