Навоийда халқаро пайвандлаш мактаби фаолият бошлади
Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида Миграция агентлиги ташаббуси билан “Қизилқум” халқаро пайвандлаш мактаби ташкил этилди.
Очилиш маросимида Миграция агентлиги директорининг ўринбосари Элёр Тоштемиров, Навоий вилояти ҳокими ўринбосари Жамшид Ходжаев, хорижий ҳамкорлар ҳамда соҳа вакиллари иштирок этиб, мазкур лойиҳанинг мамлакат меҳнат бозори ва аҳоли бандлигини таъминлашдаги аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш тизимини такомиллаштириш ва меҳнат ресурсларининг рақобатбардошлигини оширишга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Президентимиз ташаббуси билан меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касбларга ўқитиш, фуқароларни муносиб иш ўринлари билан таъминлаш ҳамда хавфсиз ва қонуний меҳнат миграциясини ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

– Касб-ҳунар эгаллаган инсонларга меҳнат бозорида доимо эҳтиёж катта, – дейди Миграция агентлиги директорининг ўринбосари Элёр Тоштемиров. – Айниқса, халқаро стандартлар асосида тайёрланган, замонавий технологияларни пухта ўзлаштирган ва тил кўникмаларига эга кадрлар учун хорижий компанияларда муносиб меҳнат шароитлари ва юқори даромадли иш ўринлари мавжуд. Миграция агентлиги томонидан мамлакатнинг турли ҳудудларида ана шундай халқаро ўқув марказлари тармоғини кенгайтириш режалаштирилган. Бу эса меҳнат бозори талабларига мос кадрлар тайёрлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, инсон капиталини ривожлантириш ҳамда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий самарасини янада оширишга хизмат қилади.
Лойиҳа Россия Федерациясининг “Свартэкс Уфа” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилди.
Мактабнинг биринчи ўқув гуруҳига 31 нафар тингловчи қабул қилинди. Икки ойлик ўқув дастури давомида улар электр-дугали ва аргон пайвандлаш технологиялари бўйича хорижий мутахассислар раҳбарлигида назарий ва амалий билимларга эга бўлади. Шунингдек, тингловчилар учун рус тили бўйича қўшимча машғулотлар ташкил этилган.

Ўқув курсини муваффақиятли тамомлаган иштирокчиларга сертификат ҳамда 3-, 4-разрядли пайвандчи гувоҳномаси берилади. Энг муҳими, битирувчилар Россия Федерациясидаги иш берувчиларга йўналтирилиб, уларнинг малакаси ва иш тажрибасига қараб ойига 1000 АҚШ долларидан 4500 АҚШ долларигача маош олиш имконияти яратилади.
Бугунги кунда иқтисодиётнинг турли тармоқларида, айниқса, саноат, энергетика, қурилиш ва машинасозлик соҳаларида юқори малакали пайвандчиларга эҳтиёж йил сайин ошиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан, “Қизилқум” халқаро пайвандлаш мактабининг ташкил этилиши нафақат маҳаллий меҳнат бозори, балки халқаро меҳнат муносабатларида ҳам Ўзбекистон фуқароларининг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири