Навоийда истеъмолга яроқсиз алкоголь ва тамаки маҳсулотлари йўқ қилинди
Навоий шаҳридаги марказий чиқиндихона ҳудудида Мажбурий ижро бюроси Навоий шаҳар бўлими томонидан суд ҳужжатлари ижросини таъминлаш доирасида истеъмолга яроқсиз деб топилган алкоголь ва тамаки маҳсулотларини белгиланган тартибда йўқ қилиш ишлари амалга оширилди.
Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг ижро ҳужжатига асосан, далилий ашё сифатида олинган ҳамда истеъмолга яроқсиз деб топилган 38 турдаги жами 4 610 дона алкоголь маҳсулоти ва 14 турдаги 1 235 қути тамаки маҳсулоти белгиланган тартибда йўқ қилинди.

Мажбурий ижро бюроси томонидан суд ҳужжатларининг ижросини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган талабларнинг ижросини таъминлаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири