Навоийда “Адлия боғи” ташкил этилди
Навоий вилояти Адлия бошқармаси ташаббуси билан Кармана тумани ҳудудида 1 гектар ер майдонига “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳашар йўли билан 1000 га яқин мевали ва манзарали дарахт кўчати ўтқазилиб, “Адлия боғи” ташкил этилди.
Ҳашарда бошқарма, туман (шаҳар) адлия бўлимлари, давлат хизматлари, юридик хизмат кўрсатиш марказлари, ФҲДЁ бўлимлари, нотариал палата вакиллари, юридик техникум ходимлари, тизим фахрийлари иштирок этишди.


Дастлаб тадбирда адлия фахрийлари яхши ният билан кўчат экишни бошлаб берди.

– Барчамиз бир бўлиб эрта тонгдан ишга киришдик, – дейди Навоий шаҳар адлия бўлими бошлиғи Азамат Холмўминов. – Ҳашарда ер билан тиллашиб юрган фахрийларимиз маслаҳати билан ҳудуд иқлими ва тупроқ шароитига мос кўчатлар экдик. Бу каби ҳашарлар бизда анъанага айланган. Ўтган йиллар давомида эккан кўчатларимиз анча бўй чўзиб қолган. Бу йил эса ўз боғимизга эга бўлдик. Бу боғ меваларидан келгусида фарзандларимиз, набираларимиз баҳраманд бўлишади.

Ҳашарда Адлия бошқармаси ҳузуридаги “Street law” ва “Адлия қанотлари” жамоаси ёшлари ҳам эзгу ниятлар билан манзарали ҳамда мевали дарахт кўчатларини ўтқазди.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири