Навоийда 15 млрд сўмга яқин маблағ истеъмолчилар ва тадбиркорлар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан 2026 йилнинг ўтган олти ойи давомида рақобат муҳитини таъминлаш, давлат харидлари шаффофлигини ошириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида қатор ишлар амалга оширилди.
Маълумотларга кўра, жорий йил бошидан буён бошқармага жисмоний ва юридик шахслардан 850 дан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг аксарияти истеъмолчилар ҳуқуқларини тиклаш ва рақобат қонунчилигига риоя этилиши билан боғлиқ масалаларни қамраб олган.
– Мурожаатлар ва ўтказилган ўрганишлар натижасида истеъмолчилар ҳамда тадбиркорлик субъектлари фойдасига қарийб 15 миллиард сўмга яқин маблағлар қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланди. Энг муҳими, ўтказилган таҳлиллар натижасида 100 мингдан ортиқ истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари тикланди, – дейди ҳудудий бошқарма бошлиғи ўринбосари Мамазариф Элмуродов. – Ҳисобот даврида рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузиш ҳолатлари юзасидан 25 та иш қўзғатилди. Шунингдек, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ҳокимликларга 7 та тақдимнома киритилди.

Хусусан, ўрганишлар давомида Нурота, Конимех, Навбаҳор туманлари ва Навоий ҳамда Ғозғон шаҳар ҳокимликлари томонидан қабул қилинган айрим ҳужжатларда “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 22-моддаси талаблари бузилганлиги аниқланиб, қонунчилик талабларини таъминлаш бўйича тегишли чоралар кўрилди.
Давлат харидлари соҳасида амалга оширилган таҳлиллар ҳам салмоқли натижа берди. Жорий йилда давлат ва корпоратив буюртмачилар томонидан ўтказилган 507 та тендер савдоси ўрганилиб, уларнинг 483 тасида рақобатга зид ҳаракатлар аниқланди.
Мисол учун, “Навоий вилоят болалар фтизиатрия сиҳатгоҳи” давлат муассасаси буюртмачилигидаги бошланғич қиймати 780 миллион сўмдан ортиқ бўлган танлов савдоси юзасидан ўтказилган ўрганишда буюртмачи томонидан танлов савдосида иштирокчилар учун рақобатни чеклайдиган шартлар киритилганлиги, танлов ҳужжатларидаги талаблар билан тўлиқ баҳоланмаганлиги ва таклифларни нотўғри баҳолаш каби бир қатор қонунбузилиши ҳолатлари аниқланган.
Ҳудудий бошқарманинг Махсус комиссияси томонидан “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 29-моддаси талаблари бузилганлиги аломатлари юзасидан “Навоий вилоят болалар фтизиатрия сиҳатгоҳи” давлат муассасасига нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилди ҳамда бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
Тендер савдолари бўйича аниқланган қонунбузилишлар юзасидан жами 15 га яқин мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
Товар-хомашё биржасида юқори ликвидли ва монополь маҳсулотлар савдоси юзасидан олиб борилган назорат тадбирлари натижасида 6 та субъектга нисбатан рақобат қонунчилиги бўйича ишлар қўзғатилиб, тегишли таъсир чоралари кўрилди.
Реклама соҳасида ҳам тизимли мониторинг ишлари амалга оширилди. Ҳисобот даврида 1000 дан ортиқ ташқи реклама объекти ўрганилиб, 500 га яқин ҳолатда аниқланган камчиликлар бартараф этилди. Шунингдек, “Реклама тўғрисида”ги қонунчилик талабларини бузган 21 та субъектга нисбатан ишлар қўзғатилиб, тегишли чоралар қўлланилди.
Бошқарма томонидан рақобат муҳитини янада яхшилаш, давлат харидларида шаффофликни таъминлаш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ишлар изчил давом эттирилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири