Навоий – маънавият қуёши
Андижондаги таълим муассасаларида улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 583 йиллигига бағишланиб, адабий, маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Қўқон нодавлат университетининг Андижон филиалида “Алишер Навоий –маънавият қуёши” деб номланган адабий кеча ана шундай тадбирлардан бири бўлди.
Филиал профессор-ўқитувчилари, ёзувчи ва шоирлар, санъаткорлар, талабалар, ёш ижодкорлар ҳамда Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби ўқувчилари иштирокида ўтказилган адабий кеча очилишида сўз олган Қўқон нодавлат университети Андижон филиали ректори Ғолибжон Тўйчиев ва бошқалар томонидан юртимизда буюк бобокалонимиз, жаҳон адабиёти равнақига салмоқли ҳисса қўшган улуғ аллома, сўз ва шеърият мулкининг султони Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганиш, унинг инсонпарварлик ғоялари билан йўғрилган асарлари мазмун-моҳиятини аҳоли, айниқса, ёшлар онгига чуқур сингдириш, шу орқали уларнинг қалбида адабиётга қизиқиш, ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги таъкидланди.
[gallery-15865]
Кечада адабиётшунос олимлар, ёзувчи ва шоирлар, филиал ахборот-кутубхона маркази мутахассислари томонидан Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида иштирокчиларга кенг маълумотлар берилди.
– Улуғ Навоийни қанча кўп ўқисак, ижодини қанча чуқур ўргансак, унинг бетакрор ижодини шу қадар теранроқ англаб бораверамиз, – дейди университет филиали даволаш таълим йўналиши талабаси Гулбаҳор Азимбекова. – Бугунги адабий кечада биз учун улуғ даҳонинг янги қирралари бўй кўрсатди, ижодий меросининг ўзига хос жиҳатларини янада теранроқ англадик.
Андижон шаҳридаги “Эъзоз” фольклор ансамбли санъаткорлари, Муҳаммад Юсуф номидаги ижод ҳамда Андижон туманидаги 16- сон мусиқа мактаблари ўқувчилари томонидан намойиш этилган Навоийнинг ҳаёти, фаолиятига оид сахна кўринишлари, ўқилган ғазалу рубойилар, ижро этилган куй, қўшиқ ва рақслар, шунингдек, ёш ижодкорлар мушоираси кечага ўзгача файз киритди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари