Навоий – бебаҳо хазина
Фидойи ва заҳматкаш олим Ҳамид Сулаймон саъй-ҳаракати билан музей фондини ташкил этиш ва бойитишга эришилган.
Мозийдан садо
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи ҳамиша ўқувчилар, талаба-ёшлар, тадқиқотчилар, сўз санъати мухлислари билан гавжум. Музей кўп асрлик ўзбек адабиёти билан боғлиқ бўлган қўлёзмалар, турли ҳужжатлар, расмлар, хотиралар, фотосуратларни ўзида тўпловчи, сақловчи ва кўргазмали материаллар тарзида намойиш этувчи ноёб маданий-маърифий ва илмий даргоҳ саналади.
Фидойи ва заҳматкаш олим Ҳамид Сулаймон саъй-ҳаракати билан музей фондини ташкил этиш ва бойитишга эришилган. Фольклор экспедицияларини уюштириш ва илмий сафарлар йўли билан мамлакатимизнинг шаҳар ва вилоятларидаги, хориждаги ўзбек адабиётига оид материалларни топиб, микрофильмлар тайёрлаш орқали музейнинг ягона қўлёзмалар хазинаси ва микрофильмлар фонди барпо этилган.
Кўп йиллик тарихга эга бўлган ушбу музей кўргазмалар фондида тасвирий ва ўймакорлик санъат асарлари, портретлар, ноёб археологик ёдгорликлар, халқ амалий санъати намуналари намойиш қилинмоқда.
Музей биносининг ўзи ҳам бетакрор меъморий ечими боис ноёб архитектура объекти саналиши билан бирга Халқаро музейлар кенгаши – ИКОМ ташкилоти аъзосидир.
Улуғ мутафаккир номи билан боғлиқ ушбу масканда Алишер Навоийнинг ҳаёти, ижоди, серқирра фаолияти, ўша даврдаги тарихий шароит, ижтимоий-сиёсий муҳит ҳақида батафсил маълумотга эга бўлиш мумкин.
Маълумки, Навоий шахсияти, ҳаёти, фаолияти темурийлар билан бевосита боғлиқдир. Шу боис Амир Темур ва темурийлар салтанати, уларнинг жаҳон цивилизациясидаги ўрни хусусида ҳам бу ердаги махсус экспозиция орқали батафсил маълумотга эга бўлиш мумкин. Даҳо шоир таваллуд топган Ҳирот шаҳрининг тарихий манбаларга асосланиб яратилган картинаси, Алишер Навоий умри давомида бўлган шаҳарларнинг харитаси унинг эл-юрт дарду ташвишига йўғрилган ҳаётидан сўзлайди. Навоий асарлари буюк мероснинг ғоят бойлиги, кўлами кенглигини англатади. "Лисон ут-тайр", "Хазойинул-маоний", "Бадоеъ ул-бидоя", "Хамса", "Муншоат", Навоий асарларининг тўлиқ ва мукаммал тўплами, нодир қўлёзмалардан фотонусхалар, гўзал миниатюра асарлари, хаттотлик намуналари ҳар бир инсонда ҳайрат уйғотиши шубҳасиз. Уларни ўрганиш ва тарғиб этишга Ҳамид Сулаймонов, Порсо Шамсиев, Азиз Қаюмов, Саидбек Ҳасанов ва бошқа кўплаб навоийшунос олимларнинг меҳнату машаққати, изланишлари сингган. Навоий асарларининг турли мамлакатларда ўрганилишига доир махсус стенд шоир меросига жаҳон миқёсида бўлган улкан қизиқиш ва эътибордан дарак беради.
Инсонпарварлик, донишмандлик, адолат, холислик, ҳалоллик, юртга муҳаббат, комиллик сари интилиш каби ғояларга йўғрилган бу бебаҳо мерос ҳали ҳамон ўз долзарблиги, тарбиявий аҳамияти, ҳикмати билан жаҳон аҳлини ҳайратда қолдириб келмоқда. Навоийнинг устозлари, шоир ғазалларига ишланган гўзал деворий сурат устоз мусаввир, Ўзбекистон халқ рассоми Чингиз Аҳмаров томонидан яратилган. Музейни ўзига хос нодир асарлар тасвирий галереясига қиёсласа арзийди. Негаки, бу ерда Чингиз Аҳмаровнинг нодир суратлари билан бирга Лутфулла Абдуллаев, Неъматилла Қўзибоев, Темур Саъдуллаев ва бошқа кўплаб машҳур мусаввирларнинг тарихий мавзудаги энг сара асарлари билан танишиш мумкин.
Музейда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодига доир махсус экспозиция зали ҳам мавжуд. Бу зал 1991 йил қайта реконструкция қилинган. Уни нақшлар, деворий безаклар билан безашда моҳир ижодкорлар билан биргаликда ёш рассомлар ҳам фаол ҳисса қўшган. Бобур ҳайкали, унинг сиймоси, болалиги, гоҳ зафарли, гоҳи мағлубиятли юришлари акс эттирилган картиналар, паннолар, деворий суратлар томошабинда катта қизиқиш уйғотиши шубҳасиз. Ҳатти Бобур – шоир жорий этган алифбодан намуна, "Бобурнома", "Мубаййин" ва бошқа асарлар, дилбар ва бетакрор ғазаллари, бобуршуносликка оид тадқиқотлар, китоб ва илмий ишлар адабиёт мухлисларини бефарқ қолдирмайди.
Сир эмаски, истиқлол йилларида Бобур меросини ўрганиш янги поғонага чиқди. Музейнинг олимлари томонидан диний мавзудаги асар бўлган "Мубаййин" асарининг ноёб нусхаси туркиялик олимлар билан ҳамкорликда ўрганилиб, нашр этилди. Музей олимлари Бобур фонди олимлари билан ҳамкорликда яратилган Бобур энцикло
педиясининг биринчи нашрларини тайёрлашда фаол иштирок этган.
Мазкур музей наинки маърифат маскани балки, илмий муассаса ҳам саналади. Бу даргоҳда музей ўзбек адабиёти тарихи бўйича тадқиқотлар олиб борадиган алоҳида бўлимларга ҳам эга. Қўлёзма ва тошбосма китоблар бўлимида қўлёзмалар адабий манбашунослик нуқтаи назаридан ҳам ўрганилади. Яъни ўзбек адабиёти тарихига дахлдор ижодкорлар, шоир ва адибларнинг қўлёзмалари мукаммал татқиқ этилади. Илмий жамоатчиликка таништирилади ҳамда жуда ноёб қўлёзмаларни факсимиле нашрга тайёрлаш ишлари ҳам олиб борилади. Факсимиле нашр мутахассисларга манба билан ишлашда қулай имконият яратиши билан аҳамиятлидир.
Музейда Ўзбекистон ёзувчи ва шоирлари, адабиётшуносларининг архивларини ўрганиш бўйича ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда. Ушбу архив материаллари илмий тавсифдан ўтказилиб, ҳужжатлаштирилади ҳамда унинг асосида каталог сифатида нашр этилади. Масалан, ўзбек навоийшунослигининг ёрқин вакилларидан бири, Навоий асарларини бугунги алифбода ўқишга тайёрлаган олим Порсо Шамсиевнинг архиви нашр этилган. Порсо Шамсиев шахсий архивининг каталогида навоийшунос олимнинг архиви тўлиқ тавсифдан ўтган. Шу билан бирга, навоийшунос олим Натан Маллаевнинг архиви ҳам тўлиқ нашр этилди. Бундан кўзланган мақсад олимнинг ижодий лабораториясига кириш, у билан батафсил танишиш, турли сабабларга кўра нашр бўлмай қолган ишларини, илмий тадқиқотларини нашрга тайёрлаш ва адабий, илмий жамоатчиликка етказишдан иборатдир.
Бу каби маърифат масканлари бой ва бетакрор меросимиздан баҳраманд бўлиш билан бирга, ёшларда улуғ боболаримизга муносиблик масъулиятни кучайтириш, ёш авлод маънавиятини юксалтиришда, адабиётга, яхши китобга бўлган меҳрини оширишда муҳим аҳамият касб этади.