«Навбаҳор» яна очко йўқотди
Ўзбекистон Суперлигасининг 10-тури ҳам қизқин баҳслар билан бошланди. Жумладан, мусобақа жадвалида пешқадам бўлиб турган «Навбаҳор» кутилмаганда ўз майдонида «Олимпик» клуби билан 0:0 ҳисобида дуранг қайд этди.
Шунингдек, 10-турда «Динамо» — «Қизилқум» ўзаро рақобатлашди. Учрашувнинг 14-дақиқасида Кожо Жоэл пенальтидан ҳисобни очган бўлса, биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Анвар Ҳожимирзаев иккинчи ўн бир метрлик жаримани аниқ бажарган ҳолда жамоасининг 2:0 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади.

Бугун, 31 май куни ушбу тур давом эттирилади. Унда «Сурхон» ва «Сўғдиёна», «ОКМК» ҳамда «Металлург» жамоалари ўзаро рақобатлашади.
Ушбу учрашувлар орасида албатта мухлисларнинг қизиқиши Тошкент вилояти дербисига қаратилиши шубҳасиз.

Шу боис «ОКМК» — «Металлург» баҳсига оид айрим фактларни келтирамиз. Демак, ушбу жамоалар бугунга қадар 32 марта ўзаро рақобатлашган ва ушбу ўйинларнинг 13 тасида «ОКМК», 16 тасида «Металлург» ғалаба қозонган. Бор-йўғи 3 та ўйин дуранг билан якунланган. Тўплар нисбати ҳам Бекобод жамоаси фойдасига 55:52 кўринишини олган.
Яна бир маълумот, «Металлург» Олмалиқдаги учрашувларда унчалик муваффақият қозона олмаган. Сафардаги 16 учрашувда бу жамоа 3 та ғалаба ҳамда 2 та дуранг қайд этган. Қолган 11 та учрашувда мезбонларнинг қўли баланд келган. Лекин «ОКМК» 2021 йилдаги сўнгги ўйиндан бери дербида ғолиб бўла олмаяпти.
Бугун, соат 19:30 да ўтадиган «ОКМК» ва «Металлург» беллашувида мезбонлар ушбу қора анъанага чек қўйиш имкониятига эга. Аммо «Металлург» ҳам бу йилги мавсумни юксак савияда ўтказмоқда. Бу дегани Тошкент вилояти дербиси шиддатли баҳсларга бой ўтади ва футбол мухлислари бу баҳсда чиройли ўйин кўришига ишонамиз.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА