НАТО Қора денгизда ҳаракатларини фаоллаштирмоқда
Шимолий Атлантика альянси шериклари Грузия ва Украина билан ҳамкорликда Қора денгиз ҳудудида ҳаракатларини фаоллаштиради ва ушбу йўналишда ишларни келгусида ҳам давом эттиради, деди НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Брюсселда уюштирилган матбуот анжуманида.
"НАТО Қора денгизда бўлиб туришини келгусида ҳам кучайтиради. Учта соҳил бўйи мамлакатлар — Туркия, Руминия, Болгария НАТО аъзоларидир, Украина билан Грузия эса Шимолий альянснинг яқин ҳамкори ҳисобланади. Биз ерда, сувда ва ҳавода ҳаракатларимизни, шунингдек Грузия ва Украина билан ҳамкорликни ҳам кучайтирдик. Биз бундай ҳамкорликларни сиёсий ва амалий қўллаб-қувватлашлар билан янада кенгайтириш устида иш олиб бормоқдамиз", — деди у.
Бош котибнинг таъкидлашича, НАТО минтақада ҳарбий гуруҳлари ва шериклар билан ҳамкорликни фаоллаштирган ҳолда кўпроқ ҳарбий-ўқув машқларини ўтказишга эътибор қаратади.
Бундан аввалроқ Столтенберг бир неча бор Қора денгиз хавфсизлиги НАТОнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолишини таъкидлаган эди. Мазкур минтақада Россиянинг кучайиши иттифоқчиларни хавотирга солмоқда, шу боис альянс денгизда ўзининг ҳаракатларини мустаҳкамлайди, деганди у.
Ўз навбатида, Россия сўнгги йилларда НАТОнинг ўз чегаралари яқинда фаоллашаётганидан хавотирини яширмаяпти.
Яқинда Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Россия ҳеч кимга таҳдид қилмаслигини, лекин манфаатларига хавф туғдирадиган ҳаракатларни жавобсиз қолдирмаслигини айтган эди.