Натижалар ва келгуси вазифалар таҳлили
Тошкент вилояти фаолларининг жорий йил биринчи ярмида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.
Тошкент вилояти фаолларининг жорий йил биринчи ярмида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 17 январдаги мажлисида Президентимиз томонидан белгилаб берилган 2014 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги вазифаларнинг бажарилишига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокими А.Усмонов бошқарган йиғилишда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, саноат соҳасини модернизация қилиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш, мақсадли дастурлар ижроси, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилгани таъкидланди.
Ҳисобот даврида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулотнинг ўсиш суръатлари 7 фоизни ташкил этди. Жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 6,8 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 7, қурилиш 5,2, чакана савдо айланмаси 12,8, пуллик хизматлар кўрсатиш ҳажми 14,2 фоиз ўсди.
Маҳаллийлаштириш дастури доирасида жами 32,1 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, хизмат кўрсатиш соҳасини янада ривожлантириш мақсадида кўплаб янги объектлар ишга туширилди.
Президентимиз Ислом Каримовнинг 2013 йил 12 июлдаги "2013-2015 йилларда Тошкент вилоятининг саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида умумий қиймати 45 миллион АҚШ доллари бўлган 37 лойиҳа ишга туширилди.
Ҳудудий инвестиция дастури доирасида 33,7 миллион долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Бекобод шаҳри, Оққўрғон, Бўстонлиқ, Қуйи Чирчиқ, Чиноз ва Бекобод туманларида хорижий инвестиция киритилмагани қайд этилди.
Йиғилишда қишлоқларда намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қуриш, иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ишлаб чиқариш инфратузилмаси, уй-жой фонди ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш юзасидан олиб борилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилинди.
Йилнинг ўтган даврида эришилган ижобий кўрсаткичлар билан бирга, йўл қўйилган айрим камчиликларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар белгиланди.
Тошкент вилояти фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.Азимов сўзга чиқди.