“Насаф” муҳим уч очкога эга бўлди
Қарши шаҳридаги “Марказий” стадионида футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигаси 25-турини очиб берувчи “Насаф” – “Қўқон 1912” учрашуви ўтказилди.
Мазкур баҳс қаршиликларнинг 3:0 ҳисобидаги ғалабаси билан ўз якунига етди. Драган Черан, Ҳусайн Норчаев ва Шерзод Насруллаев “Насаф” жамоаси голларига муаллифлик қилди. Шу тариқа, “Насаф” очколарини 56 тага етказиб, биринчи ўрнини янада мустаҳкамлади. “Қўқон-1912” эса 26 очко билан 10-ўринда қолди.
Бугун, 17 октябрь куни Суперлига баҳсларининг 25-тури доирасида “Машъал” – “Хоразм”, “Андижон” – “Шўртан”, “Сўғдиёна” – “Сурхон” жамоалари ўзаро рақобатлашади.
Муборакнинг “Машъал” ва Урганчнинг “Хоразм” жамоалари ўйини олдидан айрим маълумотларни эътиборингизга ҳавола этишни лозим топдик.
Ғузорда бўлиб ўтадиган “Машъал” – “Хоразм” учрашувини Рустам Лутфуллин бошқариб боради. Унга қанотларда Санжар Шоюсупов ва Акмал Ғиёсовлар ёрдам беради. Захира ҳаками Ферузбек Ҳидоятов. Ҳакамларни Зокир Қодиров назорат қилади. Учрашув комиссари этиб Феруз Ғаниев тайинланган.
Жамоалар бугунга қадар чемпионат баҳсларида 26 марта тўқнаш келган. “Машъал” ушбу ўйинларда 13, “Хоразм” эса 5 маротаба ғалаба қозонган. 8 та ўйин дуранг билан якунланган. Муборакликлар рақиб дарвозасини 38 бор ишғол қилган бўлса, урганчликлар 27 та голга муаллифлик қилган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА