“Насаф” – мамлакат кубоги соҳиби
Футбол бўйича Ўзбекистон кубогининг сўнгги ҳал қилувчи финал ўйинида “Насаф” ва “ОКМК” жамоалари баҳслашди. Қаршидаги “Марказий” стадионида ўтган ўйинда мезбонлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва кубок соҳибига айланди.
Мазкур ўйиндаги ягона голни 71-дақиқада Жавоҳир Сидиқов пенальтидан киритди. Финал ўйинини Азиз Асимов бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси бошқариб борди.

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, “Насаф” ва “ОКМК” жамоалари ўртасидаги Ўзбекистон кубоги финал баҳсининг 70-дақиқасида олмалиқликлар жарима майдончаси ичида “ОКМК” аъзоси Акрамжон Комилов тўп учун курашда йиқилгач, дастлаб унинг қўли тўпга тегди, сўнгра ўнг оёғи билан қўшимча ҳаракат амалга ошириб, рақиб футболчиси Азизбек Амоновга нисбатан ўйин қоидасини бузган. Шундан сўнг, учрашув бош ҳаками Азиз Асимов ВАР такрорларини кўриш учун монитор ёнига боради ва такрорларни кўриб чиққач, 11 метрлик нуқтага ишора қилади. Натижада, ўйин тақдирини ҳал қилган ушбу вазият Эксперт-ҳакамлар комиссиясида кўриб чиқилди ва мутахассисларнинг умумий хулосаси олинди.

Хулосага кўра, мазкур вазиятда футболчининг нотабиий ҳолатдаги қўли дастлаб тўпга теккан, шундан сўнг унинг оёқда амалга оширган қўшимча ҳаракати туфайли рақиб ҳам йиқилиб тушган. Жарима майдончаси ичида содир этилган бу қоидабузарликларга асосланган ҳолда, бу вазиятда пенальти тўғри белгилангани қайд этилди. Экспертлар ҳакамнинг қарорини тўғри деб топди.
Маълумот учун, Қаршининг “Насаф” клуби устози Рўзиқул Бердиев мураббий сифатида тўртинчи марта мамлакат кубогини қўлга киритди. Мураббий 2015, 2021 ва 2022 йилларда ҳам “Насаф” билан ушбу мусобақада ютганди. Шу кунга қадар мамлакатимиз мураббийлари орасида 4 бор кубокни ютиш фақатгина Виктор Жалиловга насиб этган эди.
Шунингдек, “Насаф” клуби жами 9 та мамлакат кубоги финалида ўйнаган ва уларнинг тўрттасида ғалаба қозонган (2015, 2021, 2022 ва 2023 йил). Бу йилги натижадан сўнг ушбу жамоа кубок жамғариш бўйича “Бунёдкор”га етиб олди.
Шу тариқа, кескин ва муросасиз ўтган ўйинда “Насаф” ўз олдига қўйган олий мақсадларининг бирига етди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА