«Насаф» бугун Саудия Арабистонида ўйнайди
Футбол бўйича Элит Осиё чемпионлар лигасининг ғарбий минтақа умумий гуруҳ босқичи 6-тури доирасида куни кеча тўртта ўйин ўтказилди.
Унда БААнинг «Ал-Шаржа» жамоаси ўз майдонида Саудия Арабистонининг «Ал-Ҳилол» клубига қарши майдонга тушди ва кутилмаганда 0:1 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Эроннинг «Трактор» жамоаси эса 2:1 ҳисобида «Ал-Духайл» устидан зафар қучди. Шунингдек, «Ал-Ғарафа» ўз майдонида 1:0 ҳисобида «Ал-Ваҳда»ни доғда қолдирган бўлса, «Ал-Шорта» ва «Ал-Аҳли» учрашуви 0:5 ҳисобида якунланди.

Бугун, 23 декабрь куни «Ал-Садд» жамоаси «Шабаб Ал-Аҳли»га қарши баҳслашса, Саудия Арабистонида «Ал-Иттиҳод» ҳамда «Насаф» жамоалари ўртасидаги беллашув бўлиб ўтади.
Мазкур учрашув мамлакатимиз вақти билан соат 23:15 да бошланади. Ўйинда «Ал-Иттиҳод» жамоаси сариқ-қора рангдаги спорт либосида майдонга чиқади. «Насаф» эса ўзининг анъанавий қизил рангдаги либосида ҳаракат қилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА