Нарпайлик ғаллакорларнинг юзи ёруғ бўлди
Нарпай тумани ғаллакорлари Самарқанд вилоятида биринчи бўлиб давлат хариди учун 9508 тонна, биржа савдолари учун эса 2755 тонналик улкан хирмон яратиб, шартнома шартларини бажарди.
Аслида, бугун мамлакатимизда ғаллачиликда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида фермер ёки кластерлар эгаларидан шартнома мажбуриятини сўрашга ҳожат қолмаган.

Меҳнатидан манфаатдорлиги ошган ғаллакор аввало шартнома шартларини бажариб, ғалланинг қолган қисмини омборда жамғариб қўйишга ҳаракат қилмоқда.

Нарпайлик ғаллакорлар ҳам бу йилги мавсумга ана шундай кайфиятда ҳозирлик кўриб, ўн тўрт иш кунида шартнома мажбуриятларини адо этди. Тумандаги 242 фермер хўжалиги 5720 гектар майдонда ғалла парваришлаб, ҳар гектар ердан ўртача 72 центнердан ҳосил олди.

Жумладан, “Оқтош Фаррух Аброр” фермер хўжалиги аъзолари 25 гектар майдонда ғалла парваришлаб, 67,1 тонна ўрнига 144,8 тонна сара дон йиғиштириб олди. Айни пайтда ўрим мавсуми давом этмоқда. Ҳали комбайн тушмаган далалар бисёр.
Ғолиб Ҳасанов, ЎзА