Наманганлик пахтакорлар зафар қучишди
Якунига етиб бораётган 2026 йил Наманган вилояти қишлоқ хўжалиги учун баракали ва муваффақиятли натижалар билан кечмоқда. Аввалига “кумуш тола” – пилла адо этилди. Кейинчалик ғаллакорлар режани бажарди. Мана энди “оқ олтин” мавсумида зафар марраси мамлакатимизда пешқадамлар сафида, водий вилоятлари ичида биринчилардан бўлиб забт этилди.
Эътироф этиш даркор, йиғим-терим мавсумида Чортоқ тумани пахтакорлари республикада пешқадамлар сифатида режани ёруғ юз билан уддалашди. Кейинчалик Тўрақўрғон, Уйчи, Наманган, Учқўрғон, Чуст, Норин ва Мингбулоқ туманларида ғалабага эришилди.

– Жорий йилда вилоятимиз бўйича 48 минг 800 гектар майдонга чигит экилиб, экинлар агротехник талаблар асосида парваришланди. Қабул пунктларига ҳар гектардан ўртача 52,2 центнердан ошириб, жами 254 минг 500 тоннадан зиёд сифатли саноат хомашёси етказиб берилди, – дейди Наманган вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Азизбек Абдусаломов. – Қувонарлиси шундаки, бу йил далаларда пахтадан олинаётган ҳосилдорлик кескин ошди. Бу борада бир қатор илғор фермер хўжаликлари юқори натижага эришмоқда. Масалан, Тўрақўрғон туманидаги “Турсунбой Комилов”, Учқўрғон туманидаги “Гулхумор”, Уйчи туманидаги “Замин”, Мингбулоқ туманидаги “Бахтиёр Абдусаломович”, Наманган туманидаги “Навбаҳор намунаси” фермер хўжаликларида 90 центнердан ошириб хирмон кўтарилди.

Бундай залворли натижаларнинг асосий сабаби – майдонларга Хитой Халқ Республикасининг Шинжон технологияси бўйича хорижий уруғ экилгани, ғўзага замонавий технологиялар асосида ишлов берилгани, тармоққа илм-фан, билим ва тажриба билан ёндашилганидир.

Эътиборлиси шундаки, аграр соҳада илм-фан ютуқларини амалиётга татбиқ этиш ҳосилдорликни ошириш учун янги имкониятлар яратмоқда. Экиш схемаларини такомиллаштириш, кўчатлар сонини мақбуллаштириш ва агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш ер имкониятларидан самарали фойдаланишга хизмат қилмоқда.

Қолаверса, замонавий технологиялар сув ва меҳнат ресурсларини тежаш, иш жараёнларини тезлаштириш ҳамда ҳосилни ўз вақтида йиғиб олишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, пахта теримининг механизациялаштирилиши инсон меҳнатига бўлган эҳтиёжни камайтириш билан бирга, терим суръатини ошириш имконини бермоқда.

Ҳозирда Наманган вилоятида 189 та пахта териш машинаси мавжуд бўлиб, 48,8 минг гектар пахта майдонининг 37,8 минг гектаридаги ҳосил терим агрегатлари ёрдамида териб олинди. Бу пахтачиликда замонавий техника имкониятларидан самарали фойдаланиш кўлами кенгайиб бораётганини кўрсатади.

Таъкидлаш ўринлики, етиштирилган пахта толаси маҳаллий тўқимачилик кластерларида қайта ишланиб, ип-калава ва газлама маҳсулотларига айлантирилмоқда. Бу эса хомашёдан тайёр маҳсулотгача бўлган қўшимча қиймат занжирини ривожлантириб, вилоят иқтисодиётида алоҳида ўринга эга. Пахтачиликда эришилган ушбу юқори натижа фақат жорий мавсум билан чекланмайди.

Бинобарин, қимматбаҳо саноат хомашёсидан бўшаган майдонларга очиқ усулда ғалла экиш ишларини ўз вақтида ташкил этиш ердан йил давомида самарали фойдаланиш ва кейинги ҳосил учун мустаҳкам замин яратишга хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири