Наманганлик каратэчиларнинг ёрқин ғалабаси
Қирғиз Республикасининг Иссиқкўл шаҳрида спортнинг каратэ тури (“WKF”) бўйича ўтказилган “Kyrgyzstan Open” халқаро турниридан ажойиб хушхабар олдик.
Қўшни Марказий Осиё давлатларидан Қирғиз Республикаси, Қозоғистон, Тожикистон ҳамда мамлакатимиздан 500 га яқин спортчилар ғолиблик учун куч синашган очиқ мусобақада Наманган вилоятидан йигирмага яқин шарқона якка кураш усталари татамига чиқиб, муносиб натижаларни кўрсатди.

Хусусан, Муҳаммадсодиқ Аълохўжаев халқаро аренада барча рақибларини мағлубиятга учратиб, фахрли биринчи ўринни қўлга киритди. Қолаверса, ушбу ёш иқтидор соҳиби юксак техник маҳорати учун “Энг яхши техника соҳиби” махсус соврини билан тақдирланди.
Мусобақада Дилшодбек Ғаниев, Ёсихон Мусохонов ва Абдураҳмон Обидов эса, ярим финалга қадар етиб келиб, бронза медалларига сазовор бўлди.

Турнир давомида шогирдларини юксак марралар сари руҳлантириб, шоҳсупага кўтарилишига салмоқли ҳисса қўшган Наманган вилояти яккакураш спорт турлари мактаби мураббийи Абдулло Салимов халқаро турнир ташкилотчилари томонидан “Энг яхши мураббий” номинациясида ғолиб, деб топилди.

Бундай салмоқли ютуқлар Наманганда жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлигини ошириш, Олимпия ўйинлари дастурига киритилган каратэни ривожлантириш, иқтидорли спортчиларни тайёрлаш ҳамда жаҳон майдонларида муносиб қатнашиш борасида олиб борилаётган тизимли ишларнинг ёрқин ифодасидир.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА