Наманганда замонавий Кураш маркази фойдаланишга топширилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган шаҳрида миллий спорт тури — курашни ривожлантириш йўлида муҳим воқеа юз берди. “Баркамол авлод” спорт мажмуаси ҳудудида замонавий Кураш маркази фойдаланишга топширилди.
Янги иншоот барча замонавий талабларга жавоб беради. Унда спортчилар учун қулай шароитлар яратилган бўлиб, машғулот заллари барпо этилди, мавжуд бинолар капитал таъмирланди ва муҳандислик тармоқлари янгиланди.
Марказ бир вақтнинг ўзида қарийб 100 нафар спортчини қамраб олиш имконига эга. Айни пайтда вилоятда 3 минг нафардан ортиқ ўғил-қиз кураш билан мунтазам шуғулланмоқда.
Қайд этилишича, янги марказ нафақат машғулотлар ўтказиш, балки йирик мусобақаларга мезбонлик қилиш имкониятига ҳам эга.
Шу муносабат билан “Баркамол авлод” спорт мажмуасида миллий кураш ва эркин кураш бўйича катталар ва ёшлар ўртасида “Прокурор кубоги” мусобақаси ўтказилди.
Мусобақада 150 нафардан зиёд олий таълим муассасалари спортчилари иштирок этиб, миллий кураш бўйича 5 та, эркин кураш бўйича эса 6 та вазн тоифасида беллашди. Баҳслар давомида иштирокчилар ўз маҳорати, кучи ва чаққонлигини намоён этди. Айниқса, финал учрашувлари юқори рақобат ва кескин курашларга бой бўлди.
[gallery-28543]
Мазкур мусобақа спортчилар ўртасида соғлом рақобатни кучайтириш, миллий ва эркин кураш турларини кенг тарғиб этиш ҳамда ёшлар орасида спортга бўлган қизиқишни оширишга хизмат қилди.
Маросимда вилоят прокурори Умирбек Мадраҳимов, шаҳар ҳокими Аюбхон Камолов ҳамда мутасадди раҳбарлар иштирок этиб, спортни ривожлантириш ва ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишнинг аҳамиятини таъкидлади.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА