Наманганда ёшлар билан очиқ мулоқот: имконият ва натижа
Бугунги кунда мамлакатимизда ёшлар сиёсати давлат стратегиясининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 24 февралдаги ёшлар билан учрашувида ҳар пайшанба — «Ёшлар куни» деб эълон қилиниши навқирон авлод вакиллари учун ўз иқтидорини намоён этиш ва янги ташаббусларини илгари суришда муҳим платформа яратди. Ушбу ташаббус ижросини таъминлаш мақсадида Наманган вилоятида ташкил этилган навбатдаги очиқ мулоқот ёшларнинг истиқболли бизнес лойиҳаларини ўрганиш ва қўллаб-қувватлашда ўзига хос майдонга айланди.
Вилоятдаги барча олий таълим муассасаларидан 2870 нафар талаба иштирок этган мазкур тадбирда “Ўзмиллийбанк” АЖ раҳбарияти томонидан ёшларнинг янги ғоя ва стартап лойиҳалари атрофлича тингланди. Тадбиркорлик қилиш истагидаги йигит-қизларга банк имтиёзлари ҳақида батафсил маълумот берилиб, уларнинг ташаббуслари қўллаб-қувватланди.
–Январь-февраль ойларида университетимизнинг 35 нафар талабаси “Келажакка қадам” дастури бўйича ўз фаолиятини йўлга қўйди, – дейди Наманган давлат техника университети ректори Ойбек Эргашев. – Банк ставкаси энг минимал 15 фоиз этиб белгилангани ёшларнинг тадбиркорлик билан шуғулланишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Университетимизда “Ўзмиллийбанк” АЖнинг филиали ташкил этилган бўлиб, кейинги бир ҳафта мобайнида талабалар 100 дан зиёд лойиҳа тақдим этишди. Бу йўналишдаги ишлар жадал давом этмоқда.
[gallery-28369]
Қувонарлиси, мулоқот давомида қизлар ҳам ўз фаоллигини кўрсатди. Масалан, талаба Дилобар Бойхонова хусусий мактаб очиш истагини билдириб, банк мутасаддиларидан ижобий жавоб олди.
–Учрашувда мен ҳам ўз таклифимни билдирдим, – деди Дилобар. – Хусусий мактаб очиш ниятидаман ва бунинг учун сармоя керак эди. Мутахассислар паст ставкада 20 миллиондан 10 миллиард сўмгача кредит олиш мумкинлигини айтишди. Бундан жуда хурсанд бўлдим.
Тадбирда нафақат янги бошлаётганлар, балки аллақачон муваффақиятга эришган ёш тадбиркорлар ҳам ўз тажрибаларини сўзлаб берди. Жумладан, чортоқлик тадбиркор Бегзод Турғунов банк кўмаги билан эришган ютуқларини алоҳида қайд этди.
–Мен ҳам ўқишни битириб, хусусий ўқув марказимни очган эдим, деди Бегзод. – Ҳозирги кунда 5 мингга яқин ёшларга хорижий тилларни ўргатяпмиз ва 150 га яқин кишини иш билан таъминладим. Буларнинг барчаси биз ёшларга берилаётган имкониятларнинг амалдаги самарасидир.
Учрашув якунларига кўра, талабалар томонидан жами 41 та мурожаат ва 22 та таклиф билдирилди. “Талаба инвест” дастури бўйича 17,2 миллиард сўмлик 4 та лойиҳа, “Тадбиркорликка илк қадам” йўналишида эса 900 миллион сўмлик 45 та лойиҳа маъқулланди. Шунингдек, “Менинг биринчи касбим” дастури доирасида 21 миллиард сўм ресурс ажратилиши ҳақидаги хабарлар ёшлар учун янги уфқларни очди.
Хулоса қилиб айтганда бу каби очиқ мулоқотлар ёшларнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлаб, уларни ватанимиз равнақи йўлида янги марраларга руҳлантирмоқда. Давлат ва банк тизими томонидан кўрсатилаётган бундай эътибор ва молиявий кўмак яқин келажакда ўз мевасини бериб, юртимизда билимли ва ишбилармон ёшлар қатламининг янада кенгайишига хизмат қилади.
“Ўзмиллийбанк” АЖ
Матбуот хизмати