Наманганда йирик миқдордаги сифатсиз дори воситалари йўқ қилинди
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан суд ҳужжатлари ва бошқа ижро ҳужжатларининг ижросини таъминлаш, шунингдек, муомаладан чиқарилиши лозим бўлган мол-мулкларни белгиланган тартибда тасарруф этишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Бюронинг Наманган шаҳар бўлими иш юритувида бўлган ижро ҳужжатлари доирасида мусодара қилинган, муомалага киритилиши мумкин бўлмаган, сақлаш ва реализация қилиш учун белгиланган талабларга жавоб бермайдиган ҳамда йўқ қилиниши лозим бўлган 1 минг 179 турдаги дори воситалари аниқланган.
– Сифатсиз дори воситаларининг умумий қиймати 3 миллиард 200 миллион сўмни ташкил этган. Ўрганишлар ва тегишли тартиб-таомиллар якунланганидан сўнг, ушбу дори воситаларини йўқ қилиш бўйича зарур чоралар кўрилди, – дейди МИБ Наманган вилояти бошқармаси масъул ходими Соҳибжон Рафиқов. – Шунга кўра, мингдан зиёд дори воситалари белгиланган тартибда йўқ қилинди. Бундай тадбирдан кўзланган асосий мақсад – аҳоли саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, сифати ва қонуний муомаласи кафолатланмаган дори воситаларининг қайтадан муомалага кириб кетишининг олдини олиш ҳамда суд ҳужжатларининг ижросини амалда таъминлашдан иборат.

Мажбурий ижро бюроси томонидан бу каби амалий саъй-ҳаракатлар қонунчилик талаблари асосида, масъул ташкилотлар иштирокида ва белгиланган тартиб-таомилларга қатъий риоя этган ҳолда олиб борилмоқда.

Наманган вилоятида ижро ҳужжатларининг ўз вақтида ва сифатли ижросини таъминлаш, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳоли саломатлигига хавф туғдириши мумкин бўлган маҳсулотларнинг ноқонуний муомаласининг олдини олишга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.