Наманганда яна бир нуфузли мусобақа ўтказилади
Жаҳоннинг энг сара шарқона якка кураш усталари яна юртимизнинг спорт маркази – Наманганда жам бўлади.
Шу йилнинг 26-30 октябрь кунлари вилоят марказидаги "Паҳлавон" спорт мажмуаси Олимпия ўйинлари дастурига киритилган таэквондо "WТ" бўйича "G1" туркумига кирувчи "Uzbekistan Open" халқаро турнирига мезбонлик қилади.

Халқаро таэквондо федерацияси, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, республика Спорт вазирлиги, Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилаётган мазкур мусобақада нафақат юртимиз, балки Осиё ҳамда Европа қитъаларидаги ўндан зиёд давлатлардан мингдан зиёд маҳоратли спортчилар даянгда ўз маҳорати ва техникасини кўрсатиши режалаштирилган.

2028 йили АҚШ да бўладиган “Лос Анжелес-2028” ёзги Олимпия ўйинларига рейтинг очколарини тақдим этувчи ушбу нуфузли мусобақада ўсмирлар, ёшлар ва катталар ўртасидаги турли вазн тоифаларида беллашувлар ташкил этилади. Таъкидлаш жоизки, мазкур турнир водий, хусусан Наманганда халқаро спорт муҳитини янада жонлантиради.

– Айни кунларда турнирни юқори савияда ташкил этиш, спортчилар учун муносиб шароит яратиш, спорт мажмуасини тайёрлаш ҳамда мусобақанинг ташкилий жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича кенг кўламли тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда, – дейди Ўзбекистон таеквондо “WT” ассоциацияси Наманган вилояти бўлими ижрочи директори Холмурод Нозимов. – Барча таэквондо ихлосмандларини "Паҳлавон" аренасига ажойиб баҳсларнинг гувоҳига айланиш учун чорлаб қоламиз.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири