Наманганда хусусий мактабнинг халқаро ҳамкорлик алоқалари кенгаймоқда
Наманган вилояти Давлатобод туманидаги “Istiqbol Zamon Bolalari” хусусий мактабида 542 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Таълим муассасасида ўқувчиларнинг замонавий билим эгаллаши, хорижий тилларни чуқур ўрганиши ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантириши учун зарур шароитлар яратилган.
Мактабда фан ва ижодий тўгараклар, спорт машғулотлари ҳамда хорижий тилларни ўқитишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга, халқаро таълим лойиҳаларида иштирок этиш орқали ўқувчиларнинг билим ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлашга интилинмоқда.
Жумладан, Жанубий Корея таълим муассасаси билан ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Мазкур келишув ўқувчилар алмашинувини йўлга қўйиш, илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ва қўшма таълим лойиҳаларини амалга оширишга қаратилган.
Яқинда мактабда халқаро грант асосида қизлар учун “WESP” пазандачилик маҳорати студияси очилди. Ушбу лойиҳа ўқувчиларнинг амалий кўникмаларини шакллантириш, ижодий қобилиятларини ривожлантириш ва касб-ҳунарга бўлган қизиқишини оширишга хизмат қилади.
[gallery-32018]
Шунингдек, мактаб Беларусь, Россия ва Германиядаги таълим муассасалари, Буюк Британия ҳамда Япониядаги ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантирмоқда.
Бундай ташаббуслар ўқувчиларнинг дунёқарашини кенгайтириш, халқаро тажрибаларни таълим жараёнига татбиқ этиш ва уларни келгусидаги таълим ҳамда касбий фаолиятга тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА