Наманганда «Uzbekistan Judo Tour» ғолиблари аниқланди
Янги Наманган туманидаги «Паҳлавон» спорт мажмуасида дзюдо бўйича «Uzbekistan Judo Tour» мусобақасининг навбатдаги босқичи бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган тажрибали ва ёш дзюдочилар эркаклар ўртасида 4 та, аёллар ўртасида 2 та вазн тоифасида рақобатлашди.
Мусобақа давомида Дилшодбек Баратов (–66 кг), Муҳаммаддўст Эшдавлатов (–81 кг), Оғабек Ғаниев (–100 кг), Фазлиддин Рафиқов (+100 кг), Фотимахон Турсунбоева (–48 кг) ва Динора Самандарова (–63 кг) каби дзюдочиларимиз барча рақибларини енгиб, мусобақанинг олтин медалига сазовор бўлди.
«Uzbekistan Judo Tour» мусобақасида олтита вазн тоифасининг ҳар бирида турли ҳудуд вакиллари чемпионликни қўлга киритди. Кумуш медаллар сонига кўра Хоразм вилояти вакиллари умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Бухоро ва Наманган вилоятлари кучли учликдан жой олди.
Мусобақада биринчи ўрин соҳибларига 22, иккинчи ўрин эгаларига 14, учинчи ўриндан жой олган полвонларга 7 миллион сўм пул мукофоти берилди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА