Наманганда Украина билан ҳамкорлик янада ривожланади
Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Абдураззақов Украинанинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Николай Дорошенкони қабул қилди.
Мулоқот давомида икки томонлама ўзаро алоқаларни юқори босқичга кўтариш, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.
Маълумот ўрнида, Наманган вилояти билан Украина ўртасидаги ташқи савдо алоқалари жорий йилда 16 миллион долларни ташкил этиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,1 фоизга ўсган. Намангандан Украинага 13 миллион 800 минг доллар миқдоридаги маҳсулотлар экспорт қилинди. Наманган вилоятига эса 2 миллион 200 минг долларлик маҳсулотлар импорт қилинган.
Украинага асосан мева-сабзавотлар, тери ва трикотаж маҳсулотлари юборилган бўлса, бизга саноатнинг турли йўналишлари учун замонавий технологик жиҳозлар, кимёвий воситалар ва дори маҳсулотлари олиб келинган.
– Фарғона водийсига, жумладан, Наманган вилоятига биринчи бор келишим. Ташрифимдан олдин Украинадаги компаниялар вакиллари билан боғландим. Уларнинг Наманганга қизиқиши ниҳоятда катта, ўзларининг кўплаб истак ва таклифларини йўллашди. Кун бўйи шаҳар айландик, корхоналарни кўздан кечирдик. Намангандаги ишлаб чиқариш салоҳияти ва имкониятлар мени ҳайратга солди, – деди Украина элчиси Николай Дорошенко.
Вилоят раҳбари Украина билан текстиль соҳасида қўшма корхоналар ташкил этиш, чорвачилик йўналишидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, Украина олий таълим муассасаларининг Наманган вилоятидаги университет ва институтлар билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш бўйича таклифларини билдирди.
– Украина ўзига хос футбол мактабига, кучли мураббий ва ўйинчиларига эга. Наманганда футбол биринчи рақамли спорт тури сифатида ардоқланади. Украиналик футбол мутахассисларини Наманганда ёшлар учун маҳорат сабоқлари ўтишларини кутиб қоламиз. Чунки, вилоятимиз футболи ривожини маҳаллий ёшларда кўряпмиз, – деди Шавкат Абдураззоқов.
[gallery-269]
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА