Наманганда қуёш электр станцияси тўла қувватда ишга туширилди
Мамлакатимизда “яшил” иқтисодиёт, хусусан “яшил энергетика” соҳасини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг ёрқин самараси сифатида Наманган вилоятида қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш йўлида яна бир муҳим қадам ташланди.
Поп туманида қуёшдан энергия олиш лойиҳаси тўлиқ қувватда иш бошлади. Яъни, Германиянинг “Hyper Partners GmbH” компанияси таъсисчилигидаги масъулияти чекланган жамият шаклидаги "Next Solar Energy Group" хорижий корхонаси томонидан қиймати 350 миллион долларга тенг бўлган лойиҳа босқичма-босқич амалга оширилиб, қуёш фотоэлектр станцияси қуввати 500 мегаваттга етказилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тантанали маросимда туман фаоллари, нуронийлар, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда қайд этилганидек, Янги Ўзбекистон энергетикасида “яшил энергия” манбалари улушини изчил ошириш, электр энергияси ишлаб чиқаришда табиий газ ва бошқа ёқилғига боғлиқликни камайтириш ва ҳудудларнинг энергетик салоҳиятини юксалтириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг 2024 йил 24 майдаги тегишли қарори асосида Поп туманининг Қўшминор маҳалласи ҳудудида жойлашган қаровсиз 1 минг 200 гектар майдонда ишга туширилган янги йирик қуёш фотоэлектр станцияси ҳам ушбу саъй-ҳаракатларнинг ёрқин ифодасидир.

Станциянинг йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 1 миллиард 95 миллион киловатт-соат бўлиб, бу рақам лойиҳанинг нафақат Поп тумани, балки вилоят энергетика таъминотидаги аҳамиятини ҳам яққол кўрсатади. Қуёш электр станциясининг тўлиқ қувватда ишга туширилиши юртимизда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўлами кенгайиб бораётганидан далолат беради.
Таъкидлаш ўринлики, Фарғона водийсидаги энг йирик кўламдаги лойиҳалардан бирини амалга ошириш жараёнларида 700 га яқин ишчи-ходимлар, хусусан хитойлик бунёдкорлар ҳамда 30 дан ортиқ махсус техникалар жалб қилинди.

– Вилоятимизда энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш ва янги генерация қувватларини яратиш борасидаги ишлар биргина ушбу лойиҳа билан чекланмайди, – дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Наманган ҳудудий филиали директори Дилмурод Мамаджонов. – Бундан аввал Поп туманида Германиянинг «Hyper Partners GmbH» компанияси томонидан 500 мегаваттлик қуёш электр станцияси, шунингдек, Бирлашган Араб Амирликларининг «Tepelen Group Holding Limited» компанияси билан ҳамкорликда яна бир 500 мегаваттлик қуёш электр станциясини барпо этиш режалари маълум қилинган эди.
Дарҳақиқат, мазкур лойиҳаларнинг ҳар бири 350 миллион доллардан баҳоланган. Уларда Наманган ҳудудининг генерация қувватлари 2 141 мегаваттга, йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми эса 7,8 миллиард киловатт-соатга етказилиши кўзда тутилган. Бу вилоятнинг йиллик 5,5 миллиард киловатт-соатлик эҳтиёжини тўлиқ қоплаш имконини беради. Мазкур рақамлар энергетика соҳасида амалга оширилаётган ишлар кўламини яққол намоён этади.

Станцияни тўлиқ қувватда ишлаши натижасида йилига 1 миллиард киловат соатдан зиёд электр энергияси ишлаб чиқарилиб, 400 мингдан ортиқ хонадонларни қувват билан таъминлаш имконияти яаратилади. Шунингдек, йилига 300 миллион кубга яқин табиий газ тежалишига эришилади.
Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, станцияда ўтган 2025 йил давомида сотилган электр энергияси 218 871 760 квт соатни, жорий йилнинг январь-август ойларида эса 300 000 000 квт соатни ташкил қилди.

Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Ғофуржон Жамолов, Поп тумани ҳокими Ғуломжон Муродхўжаев иштирокидаги тадбир давомида жонлиқ сўйилиб, нуронийлар томонидан юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги ва эзгу ишлар баракаси ниятида дуо-фотиҳа қилинди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзАмухбири