Наманганда ЎзХДП ғоялари қўллаб-қувватланмоқда
Бош ғояси кучли ижтимоий сиёсат ҳисобланган Ўзбекистон Халқ демократик партияси етакчилари ҳамда фаоллари парламент ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловлар олдидан Наманган шаҳридаги “Уч фаввора” хиёбонида сайловчилар билан оммавий тадбирда юзма-юз учрашди.
Байрамона руҳда турли соҳа ходимлари, жамоатчилик вакиллари, нуронийлар ва ёшлар иштирокида бўлиб ўтган тадбирда ЎзХДПнинг сиёсий куч сифатида давлат ва жамият ҳаётида тутган ўрни, таъсири ҳақида сўз юритилди.
Ташвиқот тадбирида айтиб ўтилганидек, ЎзХДП аҳолини арзон уй-жой ва сифатли коммунал хизматлари билан таъминлаш, қурилиш соҳасида самарали назоратни кучайтириш, фуқароларнинг Конституция билан кафолатланган ҳар кимнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқини таъминлаш учун арзон уй-жойлар қурилишини кенгайтиришга қатъий ҳаракат қилмоқда.

Шунингдек, ЎзХДП қурилиш соҳасида жамоатчилик ҳамда давлат назоратини кучайтириш, қурилишларда яшил зона, мактаб, боғча, поликлиника, автотураргоҳ кабиларни инобатга олиш бўйича талабларни қонун даражасида қатъий белгилашга эришмоқчи. Бу бетартиб қурилишларнинг олдини олиши баробарида, қурилиш жараёнларини аҳолига ва атроф-муҳитга зарарсиз тартибда ташкил этишга ҳисса қўшади.
– Партиямиз дастурида одамларнинг кундалик кайфиятига таъсир қилувчи омилларга ҳам жиддий эътибор қаратилган бўлиб, сифатли коммунал хизмат кўрсатиш даражасини оширишга урғу берилган, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Анвархон Темиров. – Айни шу мақсадда “Коммунал хизматлар нархлари ва тарифларни тартибга солиш тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш режалаштирилган. Мақсадимиз нархлар ва тарифларнинг очиқ, шаффоф бўлиши, уларнинг нархлари қанчалик асослантирувчи характерга эга эканига эришиш.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси сайловда пешқадамлардан бўлишни, парламентда ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик ўринлардан салмоқли қисмини эгаллашни мақсад қилган. Бунинг учун ЎзХДПнинг тажрибаси ҳам, куч ва салоҳияти ҳам етарли экани наманганлик сайловчилар билан юзма-юз мулоқотда яна бир бор қайд этилди.
Сайловчилар, айниқса, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами манфаатларига хизмат қиладиган ташаббуслар маъқул келганини, бепул маслаҳат берадиган “юридик клиника”лар тармоғини ривожлантириш кам даромадли фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда адвокатура ва юридик хизматларнинг ижтимоий мақбуллигини таъминлашда ҳуқуқий ёрдам бўлиши ҳақидаги фикрларни маъқуллашди.

Сайловолди учрашувида қатнашчиларнинг ижтимоий-сиёсий билимларини ошириш мақсадида қисқа савол-жавоблар викторинаси ўтказилиб, топқир иштирокчиларга тарғиботга қаратилган эсдалик совғалари тақдим этилди. Тадбир якунида сайловларнинг аҳамияти ҳақида, юрт келажагига бефарқ бўлмаслик хусусида сўз юритилиб, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва унинг номзодларига овоз беришга чақирилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.