Наманганда мақом навоси: Шарқ мусиқаси дунё халқларини бирлаштирди
Мақом — халқимизнинг асрлар давомида сайқалланган руҳи, тарихи ва қалб садоси.
Унда шарқона нафосат, ҳаёт фалсафаси ва инсон туйғулари мужассам. Ҳар бир мақом навоси ўтмиш билан бугунни боғлаб, миллий меросимизнинг бетакрор жозибасини намоён этади. Шу боис мақомчилик санъати халқимиз маънавиятининг энг ноёб дурдоналаридан бири сифатида алоҳида қадрланади.
Жорий йил 23–26 июнь кунлари Наманганда ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО шафелигида ўтказилаётган “III Халқаро мақом санъати анжумани” нафақат Ўзбекистон, балки бутун Шарқ мусиқа меросини улуғловчи йирик халқаро воқеа сифатида тарихга кириши кутилмоқда.
Ушбу нуфузли анжуман Наманганни халқаро мақом санъати, илмий изланишлар ва маданий мулоқот марказига айлантирмоқда. Унда дунёнинг 83 дан ортиқ давлат ва халқаро ташкилотидан 230 нафардан зиёд вакил иштирок этмоқда.
Тадбирда бир қатор мамлакатлар маданият вазирлари, халқаро ташкилотлар вакиллари ва таниқли санъат арбоблари ҳам қатнашмоқда. Бу эса анжуманнинг сиёсий ва маданий аҳамияти нақадар юқори эканини кўрсатади.
Анжуман доирасида ўтказиладиган халқаро конференциялар ва илмий-амалий форумлар “Шарқ мақомининг янги тенденциялари: анъана ва инновация ўртасидаги боғлиқлик” мавзусига бағишланади. Бу мақом санъатининг фақат ўтмиш мероси эмас, балки замонавий ижодий жараёнлар билан ҳамоҳанг ривожланаётганини тасдиқлайди.
Шунингдек, ёш ижодкорлар иштирокидаги илмий анжуманлар мақом санъатининг келажак авлодга етказилишида муҳим ўрин тутади.
Анжуман доирасида ўтказиладиган халқаро танловда 18 дан ортиқ давлат вакиллари иштирок этади. Озарбайжон, Ҳиндистон, Япония, Корея, Туркия, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа кўплаб мамлакатларнинг машҳур ансамбллари ва ижрочилари саҳнага чиқади.
Ўзбекистон номидан эса давлат симфоник оркестри, “Мақом бэнд”, “Дилнавоз” ансамбллари ҳамда ёш мақомчилар терма жамоаси ўз маҳоратини намойиш этади. Бу эса миллий санъатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлайди.
Танлов ғолиблари Гран-При (15 000 АҚШ доллари)дан тортиб, тегишли ўринлар учун белгиланган пул мукофотлари билан тақдирланади. Бундан ташқари, “Энг яхши мақом хонандаси”, “Энг яхши созанда”, “Энг яхши ёш мақомчи” каби махсус номинациялар ҳам жорий этилган.
Ҳар бир иштирокчига халқаро сертификат берилиши эса ушбу анжуманнинг профессионал ва нуфузли даражасини янада оширади.
Анжуман фақатгина мусиқий беллашув эмас, балки турли халқлар ўртасидаги маданий мулоқот майдонига ҳам айланмоқда. “Янги Ўзбекистон” боғи ҳудудида ташкил этилган павильонларда мамлакатларнинг миллий маданияти, санъати, ҳунармандчилиги ва анъаналари намойиш этилмоқда.
Наманганда янграётган ҳар бир мақом навоси Шарқнинг бетакрор руҳини дунёга таратмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА