Наманган обод ва кўркам масканга айланиб бормоқда
Ташрифдан ташрифгача
Президентимизнинг ҳудудларга ташрифи, энг аввало, инсон қадри ва шаънини улуғлаш, элимиз фаровонлиги ва турмуш даражасини янада яхшилаш, шаҳар ва туманларнинг мавжуд ресурс ва имкониятларидан оқилона фойдаланиш орқали иқтисодиёт ҳамда инфратузилмани тубдан ривожлантиришда муҳим ўрин эгаллайди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2025 йил 16-17 сентябрь кунлари Наманганга ташрифи чоғида салмоқли лойиҳалар билан танишиб, вилоятда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари кўламини кенгайтириш, тадбиркорлик, саноат, хизмат кўрсатиш соҳаларини жадал ривожлантириш, аҳолининг яшаш шароитини юксалтириш борасида долзарб вазифаларни белгилаб берган эди. Ўтган давр мобайнида мазкур топшириқлар асосида олиб борилган амалий ишлар натижасида Наманган кўплаб жабҳаларда ўз ўрнини топди.
Эътироф этиш даркор, Наманган вилоятида ўтган йил якунлари билан ялпи ҳудудий маҳсулот 85,4 триллион сўмни ташкил этиб, 108,2 фоизга ўсиши таъминланди. Вилоятда ўтган йили ишлаб чиқариш ҳажми 40,1 триллион сўмни, хизматлар кўрсатиш ҳажми 72,3 триллион сўмни ташкил қилди. Бу борада Наманган шаҳри, Норин, Поп ва Учқўрғон туманларида юқори самарадорликка эришилди.
Сўнгги йилларда енгил саноат йўналишида тўқимачилик, трикотаж, пойабзал, аксессуарлар ва маиший маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳаларида туб янгиланишлар кузатилмоқда. Янги ташкил этилган замонавий корхоналар, жорий этилган илғор технологиялар ва халқаро ҳамкорлик асосида ишлаб чиқарилаётган экспортбоп маҳсулотлар саноат салоҳиятини янада оширмоқда. Бугунги кунда Наманган айни йўналишдаги ютуқлари билан нафақат республика, балки халқаро бозорда ҳам муносиб ўрин эгаллаб бормоқда.
Республиканинг кичик бизнес ва саноат марказига айланган Наманганда ишбилармонлик муҳити учун зарур шарт-шароитлар муҳайё этилгани натижасида тадбиркорлар сони тобора ортиб бормоқда. Бугунги кунда вилоятда 23 минг 200 дан зиёд кичик бизнес субъектлари фаол ишламоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида 1 минг 574 янги субъект ташкил этилди.
Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини тармоқлар бўйича таҳлил қиладиган бўлсак, уларнинг 4 минг 362 таси саноат, 1 минг 387 таси қурилиш, 1 минг 930 таси қишлоқ хўжалиги ҳамда 15 минг 563 таси савдо, сервис каби йўналишлар ҳиссасига тўғри келади.
Ҳудудда инвестициявий жозибадорликни ошириш мақсадида амалга оширилаётган кенг қамровли чора-тадбирлар кутилган натижаларни бермоқда. 2025 йилнинг ўзида хорижий инвесторлар сармоялари натижасида 3,3 миллард долларлик 1 минг 239 та лойиҳа муваффақиятли ишга туширилди. Сармояларни жалб этишда Наманган шаҳри, Давлатобод ва Тўрақўрғон туманларида фаоллик кўзга ташланди.
Мамлакатимиз раҳбарининг ўтган йилнинг сентябрь ойида вилоят фаоллари билан ўтказилган йиғилишида маҳаллаларни обод қилиш бўйича муҳим ташаббус илгари сурилиб, “Тараққиёт ва етакчилик маскани” дастурини амалга ошириш белгиланган эди. Бу борада Намангандаги мавжуд 754 маҳалла фуқаролар йиғинида вазифалар ижросига киришилди.
Айниқса, “оғир” ҳудудларга доимий эътибор қаратилиши туфайли вазият янада барқарорлашишига эришилди. Бугунги кунда вилоятда “яшил” тоифадаги маҳаллалар сони 486 та, “сариқ” тоифадаги 226 та ва “қизил”тоифадаги маҳаллалар сони 42тани ташкил қилмоқда.
Президентимиз Наманганда қисқа вақт ичида камбағаллик 2,5 баробар камайгани, тадбиркорлик лойиҳалари кўпайгани, ўртача ойлик 4,5 миллион сўмга етгани ҳисобига икки йилда миграциядаги 62 минг одам қайтганини эътироф этганди.
Қайд этиш даркор, 3 миллион 202 мингдан зиёд аҳолига эга бўлган Наманган вилоятида камбағал кишилар сони 2024 йилда 238 мингни (7,6 фоиз) ташкил қилган бўлса, жорий йилнинг ўтган беш ойи якунларига кўра, 20,3 мингга камайтирилди. Натижада камбағаллик даражаси 2,7 фоизга туширилди.
Вилоятнинг шаҳар ва туманларида ишлаб чиқариш суръатлари ошиб бораётганлиги, янгидан янги корхоналар барпо этилаётгани натижасида мигрантларнинг юртимизга қайтиши фаоллашди. Жумладан, ўтган йилда 54,1 минг, шу йилнинг январь-май ойлари давомида 38 минг ҳамюртларимиз ўз оилалари бағрига қайтиб, ўзимизда иш ўринларига эга бўлишди.
Наманган кейинги йилларда туризм салоҳияти билан дунё жамоатчилигини ўзига ром этмоқда. Вилоятнинг сўлим ва манзарали тоғ ён бағрида жойлашган Поп туманининг Чодак ва Янгиқўрғон туманининг Нанай қишлоқлари “Туризм қишлоғи” мақомига эга бўлди. Вилоятда меҳмонхоналар ва хостеллар сони 800 тага яқинлашди.
Айниқса, халқаро даражага кўтарилган гуллар фестивалининг нуфузи йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Олтмиш бешинчи бор ўтказилаётган жорий йилдаги нафосат ва гўзаллик анжумани Гиннеснинг рекордлар китобига расман киритилди. Унинг доирасида Гиннесс ишчи гуруҳи бир ой давомида Наманган шаҳри аҳолиси томонидан биргина Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғининг ўзида 29 миллиондан зиёд гул кўчатини қўлда экиш жараёнини кузатди. Натижада жаҳон рекорди қайд этилди.
Умуман олганда, гуллар фестивали муносабати билан 150 миллиондан зиёд гуллар ўтқазилди. Бунинг натижасида вилоятга маҳаллий ва хорижий туристларнинг оқими янада ортиб, шу йилнинг ўтган даврида сайёҳлар сони 6,9 миллионга етди.
[gallery-30049]
Президентимиз ташриф буюрган Наманган халқаро аэропорти кейинги йилларда тубдан ўзгариб, айни дамда улкан бунёдкорлик майдонига айланган. Водий ҳаво дарвозаси ҳисобланган Наманган халқаро аэропорти ҳудуд туризм ва иқтисодий салоҳиятини юксалтиришда муҳим аҳамиятга эга.
Мазкур аэропортда давлат-хусусий шериклиги асосида йўловчи терминалининг қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Бу ерда шу йил охиригача соатига 1 минг 200 йўловчига мўлжалланган янги терминал, 2027 йил якунига қадар эса, кунлик қуввати 50 тонналик Карго терминали ишга туширилади. Бунинг учун давлат бюджети маблағлари ҳамда “Наманган Эйр Солюшн” корхонаси сармояси ҳисобидан 140,4 миллион доллар миқдорида инвестиция йўналтирилмоқда.
Соатига минг йўловчига хизмат кўрсатадиган уч қаватли янги терминал майдонида чегара назорат ва виза бўлимлари, бизнес-зали, савдо ва овқатланиш шохобчалари, тиббиёт пункти, “дути фри” зонаси, водийда ягона карго тизими ташкил этилади.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат),
ЎзА мухбирлари