Наманган делегацияси Афғонистонда
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги вилоят делегацияси айни кунларда амалий ташриф билан қўшни Афғонистон давлатида бўлиб турибди.
Делегация таркибидан ҳоким ўринбосарлари, туман ҳокимлари, вилоят ташкилотлари раҳбарлари, 30 дан ортиқ йирик тадбиркорлар ва инвесторлар ўрин олди.

Афғонистонга ташрифдан асосий мақсад Ўзбекистоннинг саноат ва хусусий тадбиркорлик маркази ҳисобланган Наманган вилоятининг экспорт салоҳиятини ошириш, ўзаро савдо айланмасини кенгайтириш ҳамда инвестициявий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишдир.
Ташриф давомида Афғонистон Ислом Республикасининг юқори мартабали вакиллари билан учрашувлар, конференциялар ва савдо музокаралари ўтказилмоқда.

Сафарнинг илк куни Қобул шаҳрида Афғонистон саноат ва савдо вазири Нуриддин Азизий билан расмий учрашувдан бошланди. Шундан сўнг, ташкил этилган бизнес форум Наманган ҳамда Афғонистон тадбиркорлари ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйишда янги босқични бошлаб берди.
Форум доирасида тадбиркорлар ўртасида “B2B” форматдаги мулоқотлар уюштирилиб, унда аниқ лойиҳалар бўйича бир қатор келишувларга эришилди.

Делегация ташриф дастури доирасида Балх вилоятига ҳам бориб, бу ерда маҳаллий ҳокимлик ва хусусий сектор вакиллари билан ишбилармонлик учрашувлари ўтказилиши кутилмоқда. Қолаверса, Мозори Шарифда ўзбек маҳсулотлари кўргазмаси очилиши, уларнинг сифати ва хилма-хиллиги намойиш этилиши режалаштирилган.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА