Нафс балоси судга етаклади
Ноёб жониворлар-- юртимиз табиат оламининг ўзига хос бойлиги.
Уларни асраш ва кўпайтириш жуда муҳимлиги назарда тутилиб, Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган. Туркистон мўйловдор балиғи шулар тоифасига мансуб. Уни овлаш қатъий тақиқланган. Афсуски, айрим кимсаларнинг нафс балоси чегара билмайди. Бухоро вилоятининг Олот тумани Ёш ботир” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Б.Б, И.Э, С.Т. ва “Бўстон”МФЙ ҳудудида истиқомат қилувчи Н.О. суд курсисига етаклаган нарса ҳам шу.
Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш назорати бўйича Олот тумани инспекцияси инспекторлари ҳамда Миллий гвардия ходимлари ҳамкорликда Денгизкўл табиий кўлига сув қуювчи Денгизкўл туманлараро коллектори бўйлаб ўтказган рейд жараёнида юқоридаги кимсалар жиноят устида қўлга тушди.
Қисқаси, нафс бандалари Қизил китобга киритилган 10 дона Туркистон мўйловдор балиғи, бундан ташқари, жами 152 дона Оқ Амур, товонбалиқ, илонбош, лешч, зоғора ва мой балиқларини овлаётгани қайд этилди. Бунда икки дона резина қайиқ, икки дона сачок(қўлбола ов савати), бир дона аккумулятор, тўрт дона эшкак ҳамда энг ачинарлиси, тақиқланган электр қармоқда фойдаланилгани ҳам расмийлаштирилди. Хуллас, тегишли ҳужжатлар туман ички ишлар бўлимига тақдим этилди.
Мазкур идора ноқонуний ов ҳолатларини муфассал ўрганди. Иш эса жиноят ишлари бўйича туман судида кўриб чиқилди.
Далилларга асосланган суд ҳукмига кўра, нафс бандалари томонидан табиатга етказилган 114 миллион 666 минг сўм миқдоридаги зарар вилоят экологик ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳисоб рақамига ундирилиши белгиланди. Бундан ташқари, қонунбузар тўрт фуқарога 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Афсуски, туманда табиатга нописандлик билан боғлиқ бошқа бир ҳолат ҳам қайд этилди. Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш Олот инспекцияси раҳбари Мурод Эгамовнинг билдиришича, ҳудудда экология дахлсизлиги учун масъул идора инспекторлари томонидан ўтказилган навбатдаги рейд тадбирида “Оқ олтин” МФЙ худудида оқиб ўтувчи ички коллекторда фуқаро З.Б ва Э.П томонидан электр қармоқ ёрдамида ноконуний балиқ овланаётгани аникланган. Далилий ашё сифатида 1 дона электр қармоқ, 2 дона аккумлятор, 1 дона резина қайиқ, 2 дона эшкак, 1 дона сачок ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Мазкур иш туман маъмурий суди томонидан кўриб чиқилган ва унинг қарорига кўра, қонунбузарларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 17 баравари миқдорида жами 3 миллион 791 минг сўм жарима ва табиатга етказилган зарар 1 миллион 70,4 минг сўм давлат фойдасига ундириладиган бўлди. Қолаверса, қайиқ ва эшкак ҳам мусодара этилди, 1 дона электр қармоқ, 2 дона акумлятор ва 1 дона сачок тегишли тартибда йўқ қилинди.
Жарима ва зарар ҳамда далилий ашёлари баҳоланса, нафс бандаларига ноқонуний ов жуда қимматга тушди. Уч дона балиқ, дея шунча ташвишу машмашага қолишларини билганларида, бу ишга қўл уришмасди. Бундай ҳолатларнинг сабоғи борлигини англатиш учун бухоролик экологлар тавсиясига кўра, ўтган йили содир бўлган жайрон ови билан боғлиқ кўнгилсиз воқеани эслашни мақсадга мувофиқ билдик.
Хуллас, Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманилик 37 ёшли фуқаро П.Анинг кўнгли жайрон гўштини тусаб қолибди.У Олот тумани ҳудудидаги чўлда Қизил китобга кирган ноёб жониворлар яшашини билган бўлса керак, шу томонларга йўл олади ва икки бош жайронни отиб нобуд қилади. Ҳудудда назорат олиб бораётган, ов пайтидаги милтиқ овозини эшитган Бухоро вилояти экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари зудлик билан воқеа жойига етиб боришади.
Шу ернинг ўзида П.А. томонидан ҳайвонот оламига 22,3 миллион сўм зарар етказилгани ҳақидаги ҳужжат расмийлаштирилди. Бу қонунбузарлик ишини кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Қоракўл тумани суди Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан айбли топилган фуқарога нисбатан 3 йил муддатга озодликдан чеклаш жазосини тайинлади. Ҳозирда 22,3 миллион сўм миқдорида етказилган зарар ундирилди.
Демак, ноқонуний балиқ ови шайдолари ҳам табиатга етказилган зарарни тўлашдан бўйин товлай олмайдилар.
Эркин ЁДГОРОВ,
ЎзА