Нафис санъат намойиши
Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида III халқаро амалий санъат биенналеси доирасида “Хаттотлик, наққошлик, миниатюра: мерос ва замонавийлик” номли кўргазма очилди.
Унда замонавий миниатюрачи рассомлар ва хаттотлар томонидан яратилган дурдона асарлар намойиш этилмоқда.
Маълумки, асрлар оша инсонларга гўзаллик ҳадя этиб келаётган мусаввирлик, айниқса, унинг ўзига хос йўналиши бўлган миниатюра санъати узоқ йиллар давомида шаклланган, сайқалланган ижод туридир.
Шарқ миниатюраси дунёси – ҳаёт, хаёлот ва рамзлар уйғунлигидаги ҳайратлар оламидир. Жаҳон маданиятидан муносиб ўрин эгаллаган, Шарқ халқларининг муштарак бадиий мероси ҳисобланган миниатюралар қадимги нодир қўлёзмаларни зийнатлаш баробарида, мазкур асарлардаги илғор инсонпарварлик ғоялари, эзгу интилиш ҳисси, гўзаллик тўғрисидаги тасаввурни ифодалашга ҳам хизмат қилади.

Шарқ миниатюрасининг нозик жиҳатлари, мураккабликлари ижодкордан катта меҳнат ва изланишни талаб этади. Йиллар мобайнида маданий қадриятларимиз тикланиб, уста ва ҳунармандларнинг ижодлари анча жонланди. Унутилиб бораётган анъаналарни тиклаш ҳамда замонавий руҳдаги асарларни яратиш бошланди.
Миниатюра санъати китоб санъати доирасини кенгайтириб, нафақат тасвирий, балки амалий санъат асарларида ҳам кенг талқин қилинмоқда. Биеннали доирасида бўлиб ўтаётган кўргазмада ана шундай асарлар тақдим этилган.
Кўргазмада Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси, Ўзбекистон Ҳунарманд уюшмаси аъзолари – Шорасул Шоаҳмедов, Даврон Тошев, Ҳасан Исоқжонов, Ҳайриддин Абдуллаев, Камолиддин Муҳитдинов, Абдуҳаким Каримов, Асқарали Акбаров, Равшан Мелибоев, Шуҳрат Аҳмадназаров, Жасур Жумаев каби миниатюрачи ижодкорларнинг ишлари намойиш этиляпти.
Мазкур кўргазмада замонавий миниатюра намуналаридан иборат 70 дан ортиқ асарлар намойиш этилмоқда.
Н. Усмонова, ЎзА мухбири