Нафақалар энди мурожаатсиз тайинланмоқда
Ижтимоий ҳимоя тизимида инсон манфаатини таъминлаш, нафақаларни ўз вақтида ва кафолатли тўлашга қаратилган янги механизмлар жорий этилмоқда.
Айниқса, давлат ижтимоий суғуртаси тизимидаги рақамлаштириш жараёнлари фуқаролар учун ортиқча оворагарчиликларни камайтиришга хизмат қилмоқда.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг маълум қилишича, жорий йилда ҳомиладорлик ва туғиш ҳамда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаларини фуқаронинг алоҳида мурожаатисиз, проактив тарзда тайинлаш ва тўлаш йўлга қўйилди.
Қайд этилишича, 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида давлат ижтимоий суғуртаси тизими орқали 235 201 нафар фуқарога жами 1,43 триллион сўм нафақа тўлаб берилган. Ундан 111 689 нафар аёлга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси учун 1 триллион 269,5 миллиард сўм ажратилган бўлса, 123 512 нафар фуқарога вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси сифатида 159,2 миллиард сўм тўланган.

Янги тизим, аввало, иш берувчилар зиммасидаги ортиқча молиявий юкни камайтириш, шунингдек, меҳнат қилаётган фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини давлат томонидан кафолатлашга қаратилган. Эътиборли жиҳати, ижтимоий нафақаларни тўлаш жараёни иш берувчининг хоҳиши ёки молиявий имкониятига боғлиқ бўлган ҳолатдан босқичма-босқич чиқарилмоқда. Рақамли механизмлар орқали нафақаларни тайинлаш ва тўлаш жараёни соддалаштирилиб, фуқароларнинг ҳужжат тўплаши ва турли идораларга мурожаат қилишига эҳтиёж камайтирилмоқда.

Зеро, ижтимоий суғурта тизимидаги ҳар бир рақам ортида инсон тақдири, оила манфаати ва фуқаронинг эртанги кунга бўлган ишончи мужассам. Янги механизмларнинг самарали ишлаши эса зарур пайтда давлат кўмагини ўз вақтида ва кафолатли етказиш имконини янада кенгайтиради.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА