На харид қилиш, на ижарага олиш мумкин: Испанияда нима бўляпти?
Испания Бош вазири Педро Санчес мамлакатда уй-жой инқирози кучайиб, ҳукумат зарур чоралар лойиҳасини парламентдан ўтказа олмагач, 29 ноябрга муддатидан олдин парламент сайловини белгилади. Бу қарор иқтисодиёт ўсиб, бандлик 2008 йилдан бери энг юқори даражага чиққан бир пайтда қабул қилинди.
Испания ялпи ички маҳсулоти 2025 йил 2,8 фоиз ўсди, жорий йил 2,4 фоизлик ўсиш кутиляпти. Аҳоли бу кўрсаткични кундалик ҳаётда бир хил даражада ҳис қилмаяпти: меҳнат унумдорлиги паст, инфляция юқори ва уй-жой нархи 2014 йилдан бери мунтазам ошиб келяпти. Айниқса, йирик шаҳарлар, сайёҳлик ҳудудларида уй харид қилиш ёки ижарага олиш қийинлашган. Европа Комиссияси маълумотига кўра, ижтимоий уй-жой мамлакатдаги умумий уй-жой жамғармасининг атиги 1,5-1,7 фоизини ташкил этади, ЕИда эса бу кўрсаткич 6-7 фоиз атрофида.
Иқтисодиётнинг асосий таянчларидан бири туризм бўлиб қолмоқда: 2026 йил январь-июль ойларида Испанияга 58,1 миллион хорижлик сайёҳ келган. Уларнинг харажати 82 миллиард евродан ошди. Сентябрда инфляция қарийб 5 фоизга етиб, евро ҳудуд ўртача кўрсаткичидан юқори бўлди. Ҳукумат уй-жой инқирозига қарши икки қарорни парламентда ратификация қила олмагач, Санчес парламентни тарқатишга қарор қилди. 29 ноябрдаги сайловда иқтисодий ўсиш билан боғлиқ рақамдан кўра, аҳолининг уй-жой ва турмуш харажати муаммолари қай даражада ҳал этилиши асосий мавзуга айланади.
Мусулмон Зиё, ЎзА