Муваффақиятнинг сири тоза муҳитда
Ҳар бир инсон ҳаёти давомида эришишни истаган мақсадига эга. Аммо ҳаракат ва йўллар турлича. Мақсадга эришишнинг қандайдир аниқ формуласи борми?
Ижтимоий тармоқларнинг тараққий этгани кишиларнинг оммага танилишини осонлаштирди. Кимдир эришган кичкина нарсасини кўз-кўз қилса, кимдир ҳеч нарсани уддаламагани ҳолда мақсад қўйиш-у унга етиш йўллари ҳақида ваъз ўқийди. Амалсиз гапнинг таъсири ҳам бўлмайди деганларидек, бу ёшларнинг савиясини тушириш билан бирга, салоҳиятини юзага чиқаришга ҳам жиддий тўсқинлик қилмоқда.
Ачинарлиси шуки, бир қанча ёшлар ана шундай савиясиз “мотиваторлар”га ишониб, вақти ва пулини беҳудага сарфлашмоқда. Натижада юксалиши керак бўлган онг ва тафаккурнинг роботдан фарқи қолмаяпти.
Муаммони кўтаргач, табиийки, ечими ҳам кутилади.
—Бир нарсага эришмоқчи бўлган киши, аввало унинг ўзи учун аҳамиятини чуқур англамоғи лозим. Албатта, инсон ҳамиша кимнингдир хоҳ руҳий, хоҳ жисмоний кўмагига муҳтож саналади. Шу маънода бир мақсад сари интилаётганлар ҳам атрофидагиларининг муносабатига бефарқ бўлолмайди. Шуни ҳисобга олган ҳолда киши мақсад сари ундайдиганларнинг ёнида бўлмоғи лозим, тўсадиганларнинг эмас. Йўл-Йўриқ кўрсатишга эса ҳақиқий илм кишилари, олимларгина ҳақли деб биламан, — дейди фольклоршунос олим, бир қанча маънавий-маърифий китоблар муаллифи Абдумурод Тиловов.
Дарҳақиқат, муваффақиятнинг сири тоза муҳитда. Ҳар қандай юксак натижа соҳибини айнан йўлга қўйилган тўғри яшаш муҳити шакллантиради. Шундай экан, мақсадларимизни тўғри манзиллардан излайлик.
Шербек Исломов, ЎзА