Мутасаддилар чўпонлар ҳолидан хабар олди
Рағбат ва эътибор муваффақият омили. Республика Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси вакиллари, “Бухоро Қоракўл” уюшмасининг бир гуруҳ раҳбар ва мутахассислари Қоровулбозор масъулияти чекланган жамияти чўпонлари ҳолидан хабар олиб, қишки кийим –кечак ва совғалар беришди.
Қишнинг қировли кунлари. Ҳар йили айни шу дамда Яйлов хўжалигини ривожлантириш уюшмаси томонидан чўпонлар ҳолидан хабар олиш мақсадида уларнинг отарларига
бориш, совға саломлар улашиш яхши анъанага айланган. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Бухоро вилояти Қоровулбозор МЧЖ га қарашли яйловлардаги чўпонлар ҳолидан хабар олинди.

Шу ўринда соҳадаги ўзгаришлар ҳақида мулоҳаза. “Бухоро Қоракўл” уюшмаси ва унга қарашли корхоналар бугун бозор тамойиллари асосида ривожланмоқда. Уюшма томонидан узоқ йиллар фақатгина маҳсулот тайёрланиб келинган бўлса, ҳозирда хом ашёни қайта ишлаш ҳам йўлга қўйилган. Бундан ташқари, замонавий, ихтисослашган сўйиш цехи ишга туширилди. Умуман соҳада силжиш бор. Айни пайтда масъулияти чекланган жамиятларида 1000 нафардан ортиқ чўпон меҳнати орқали 114 минг бош қўй-эчки парваришланмоқда. Якунланган йилда Бухоро – Қоракўл уюшмасида 12 та лойиҳа ишга туширилди.
– Олтита замонавий озуқа тайёрлаш цехи олиб келинди, – дейди “Бухоро Қоракўл” уюшмаси раиси Неъмат Мамаризаев. – Шундан 5 таси 2021 йилда ишга туширилиб, бугунги кунда бу цехлардан минг тоннага яқин омухта ем чорвага етказиб берилди. Кооперация асосида 6 та жунни қайта ишлаш корхоналари ишга туширилди. Қоракўл терини қайта ишлайдиган завод ишга туширилди. Етита хўжаликда 10 минг бош бўрдоқига мўлжалланган боқиш комплекслари ташкил этилди.
Қиш қировли кунларда чўпонлар кўнглини сўраш қолаверса, уларга алоҳида эътибор қаратиш соҳа заҳматкашларининг ўз касбига меҳрини янада оширади. Ҳақиқатдан ҳам олис яйловнинг биз билган ва билмаган машаққатлари бор. Айни қиш палласида уюшма томонидан барча отарлардан хабар олиниб, чўпонлар энг зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланмоқда. Бу улар ғайратига – ғайрат қўшмоқда.
Бухоро яйловларида азал-азалдан дунёга машҳур қоракўл терилари етиштирилиб, соҳа тараққиётига эришилган бўлса, бугунги кунда ҳам бу борадаги ишлар янги босқичда, бозор тамойиллари асосида давом эттирилмоқда.
Зариф Комилов,
ЎзА