Мустақилликка тенгдош Қоракўл мактаби
(Биринчи мақола)
Бундан роппа-роса 20 йил муқаддам халқ орасида “Қоракўл лицейи” номи билан танилган мактаб-интернатига ўқишга кириш учун тинмай ўқиб, тайёргарлик кўрардим, умумтаълим мактабимизнинг тарих ҳамда она тили ва адабиёти фани ўқитувчиларининг уйига қатнаб, ушбу фанларни пухта ўрганишга ҳаракат қилардим. Ҳар ойнинг охирида бўладиган саралаш имтиҳонларида юқори балл олишим керак, кейинги босқич имтиҳонларида қатнашиш имкониятини қўлга киритишим шарт, деган мақсад менга тинчлик бермасди, жон-жаҳдим билан ҳаракат қилишга ундарди...
Бир ўқув йили давомидаги босқичма-босқич имтиҳонларда юқори балл тўплаб, 2002 йил ушбу ўқув даргоҳига ўқишга кирганим, бу қувончдан теримга сиғмас даражада қувонганим, мендан ҳам кўра доим ўқишимга шарт-шароит яратиб берган педагог ота-онамнинг хурсандчилиги ҳали-ҳамон кечагидай кўз ўнгимда. Мен каби бахтга муяссар бўлган тенгдошларим ҳам бутун оила аъзолари билан хурсанд бўлиб, лицей ҳовлисида завқу шавққа тўлиб, бир-бирларини табриклагани, бир томонда эса омади чопмаган ўқувчиларнинг йиғи-сиғиси, устозлар эса уларга далда бериб, юпатишга уринганлари... Барча-барчаси ўсмир қалбимга муҳрланган, кўз олдимда қолган ширин хотиралардир.
Ушбу даргоҳ бизгача ҳам, биздан кейин ҳам битириб кетган минглаб ўғил-қизларнинг аниқ касб эгаллашига, ҳаётда, жамиятда ўз ўрнига эга бўлишига, ўз соҳасида муайян бир натижаларни қўлга киритишига катта пойдевор, замин бўлган ва бўлиб келмоқда. Директоримиз, Қоракўл мактабининг асосчиси, Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени ва “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби (афсуски, бир неча кун аввал фидойи устозимиз раҳматли бўлдилар, охиратлари обод бўлсин) Тўхтамурод Жумаевнинг, директор ўринбосарлари, махсус фан ўқитувчиларимиз, қўйингки, бутун лицей жамоасининг панд-насиҳатлари, ўгитлари, мактаб-интернатда ўрнатилган махсус тартиб-интизом бу даргоҳдан чиққан барча ёшлар учун ҳали-ҳамон маёқ бўлиб хизмат қилаётгани шубҳасиз.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йилда Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида ушбу даргоҳ ҳақида алоҳида тўхталган эди: “Қоракўл туманида ҳаммамизга маълум бир мактаб бор. Бу мактабни машҳур қилган фидойи муаллим Тўхтамурод Жумаев номини ҳам барчамиз яхши биламиз. Бу ажойиб педагог ўзининг тинимсиз изланиши, янги таълим методикаси билан оддий бир қишлоқ мактабини республика даражасидаги машҳур таълим даргоҳига айлантирди. Ҳолбуки, ушбу мактаб Бухоронинг олис чўл туманида жойлашган бўлиб, замонавий шароитга, қулай имкониятларга ҳам эга эмас эди. Бугун ушбу мактаб битирувчиларининг 95 фоиздан ортиғи олий ўқув юртларига ўқишга киряпти. Халқаро олимпиадалардан энг кўп медаль олиб келаётганлар ҳам айнан шу мактабнинг ўқувчилари ҳисобланади. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан, ҳатто пойтахт Тошкентдан ҳам одамлар ўз фарзандини Қоракўлга олиб бориб, ана шу мактабга ўқишга беряпти. Биз бу таълим маскани эришаётган катта ютуқларни инобатга олиб, ўтган йили уни Халқаро математика мактабига айлантирдик...”
Дарҳақиқат, Қоракўл мактаби ўзига хос таълим услуби, методикаси, қолаверса, қатъий тартиб-интизом ўрнатилгани билан катта ютуқларга эришиб келмоқда. Бу ютуқлар замирида мактаб асосчиси, устозимиз Тўхтамурод Жумаевнинг хизматлари, мустақилликнинг илк йилларида ташкил қилинган пайтдаги қийинчиликлари, заҳматлари, фидойилиги, жонкуярлиги мужассам. Бу фидойи инсоннинг шахсияти, мактаб муваффақиятлари замиридаги меҳнатлари, шогирдлар хотирасида муҳрланган сиймоси ҳақида кейинроқ батафсил тўхталиш ниятим бор.

Бу гал эса Қоракўл мактабининг муваффақиятлари, эришаётган натижалари, таълим методикаси ҳақида айтмоқчиман. Мустақиллигимиз ёши билан тенг, истиқлол билан баробар одимлаб, ривожланиб келаётган бу мактабга дастлабки ташкил қилинган пайтларда шубҳа билан қараганлар, боласини ҳафта давомида ўқишга бериб юборишга чўчиб, иккиланганлар ҳам бўлган (Бу ҳақда кейинчалик устозимиз Тўхтамурод Жумаев кўп хотирлар, мулоқот тарзидаги йиғилишларда гапириб берардилар). Аммо тўғри танланган ўқитиш методикаси, ўз касбининг фидойиси, билимдони бўлган устозларнинг заҳматли меҳнатлари ўз самарасини бериб, мактаб-интернатнинг дастлабки қалдирғочлари юқори натижаларни кўрсата бошлади. Бу эса аста-секин одамларда ишонч пайдо қилиб, фарзандини шу мактабга бериш истагидаги инсонлар сафи, бу масканда таълим олиш орзусидаги ўқувчилар сони ортиб борди. Шу-шу ушбу даргоҳ ўз ўқувчиларининг олий ўқув юртларига ўқишга кириш кўрсаткичлари, халқаро фан олимпиадаларидаги шода-шода медаллар билан “Жаҳонга юз тутган мактаб” номини олди.
164-ихтисослаштирилган лицей, Қоракўл туманидаги 1-ихтисослаштирилган мактаб-интернати, Бухоро давлат университети қошидаги 3-академик лицей каби шаклларда фаолият юритган маскан 2009 йилда 52-сонли “Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби” кўринишида ташкил этилган. Бухоро вилояти ҳокимлигининг буйруғи билан 2014 йил 1 сентябрдан вилоят халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги 1-сон “Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати”га айлантирилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 августдаги “Бухоро вилояти Қоракўл туманида “Халқаро математика мактаби”ни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан Халқаро математика мактаби сифатида қайта ташкил этилди.
2014 йилдан бошлаб ушбу мактаб директори сифатида фаолият кўрсатаётган Темир Рўзиев билан телефон орқали боғланиб, мактаб фаолияти, эришаётган ютуқлари ҳақида батафсил маълумот олишга ҳаракат қилдик. (Суҳбатимиз аввалида домламиз самимийлик билан мактабга таклиф қилди. Устозимиз бугунги мактаб кўриниши, янги ишга тушаётган замонавий биноси, даргоҳнинг натижалари билан ташриф буюрган ҳолда танишилса, юзма-юз суҳбат қурилса, яхшироқ бўлишини айтганларида, айниқса, турли соҳаларда фаолият юритаётган биз каби собиқ битирувчиларнинг мактабга ташрифи ўқувчиларга катта мотивация бўлишини таъкидлаганларида, очиғи, жуда хижолат чекдим. Албатта, яқин орада таълим олган қадрдон даргоҳимга, менга қанот бўлган, доим илҳом бағишлаган лицейимга боришни, устозларимиз дийдорига тўйиб, уларга яна бир бор миннатдорчилик билдиришни қалбимга тугдим.)

— Бугун юртимизда таълим-тарбия жараёнларига давлатимиз раҳбари бошчилигида жуда катта эътибор қаратилиб, ёш авлоднинг замонавий билим олиши учун барча шарт-шароит ва қулайликлар яратиб берилмоқда, — дейди Халқаро математика мактаби директори, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Темир Рўзиев. — Жумладан, бизнинг Халқаро математика мактабимиз учун ҳам барча замонавий қулайликларга эга янги бино барпо этилгани, жорий ўқув йилидан бошлаб ушбу янги бинода фаолият бошлашимиз даргоҳимиз жамоаси ва ўқувчиларимизга янада рағбат бўлмоқда.
Мактабимизда ўқиш истагида бўлган ўғил-қизларимиз сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Айни пайтда ўқувчилар сиғими 370 ўринга мўлжалланган бўлса-да, 460 нафар ўқувчи таълим-тарбия олиб келмоқда. Ўқув даргоҳига қабул ҳар йили июнь-июль ойларида дастлаб ўқувчилардан ҳужжатларни қабул қилиш кўринишида, августь ойида эса Давлат тест маркази томонидан ўтказилади. 2021-2022 ўқув йили учун умумтаълим мактабларининг 6-синфини тамомлаган 90 нафар ўқувчини қабул қилиш режалаштирилган.
2019 йилда Халқаро математика мактаби сифатида қайта ташкил этилганидан буён мактаб ўқувчилари халқаро олимпиадаларда 20 та олтин, 9 та кумуш ва 9 та бронза медаль соҳиби бўлди. 2021 йил 7-13 январь кунлари Олма-ота шаҳрида онлайн тарзда ўтказилган Жаутиков номидаги математика, информатика ва физика фанларидан анъанавий халқаро олимпиадасида 18 та давлатдан 1200 дан ортиқ ўқувчи ўзаро беллашишди. Мазкур олимпиадада Халқаро математика мактабимиздан жами 7 нафар ўқувчи иштирок этиб, 1 та кумуш ва 3 та бронза медалини қўлга киритди. Шунингдек, жорий йил 13-14 март кунлари Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган Республика “Қўқон олимпидаси”да 9-синф ўқувчимиз 8-9 синфлар орасида 1-ўринни эгаллаб, Некция-3 автомобили соҳиби бўлди. Яна шу куни Россиянинг Агедия шаҳрида бўлиб ўтган математика фанидан “Кавказ олимпиадаси”да икки нафар ўқувчимиз онлайн иштирок қилиб, 1 тадан кумуш ва бронза медали совриндори бўлди. Бундан ташқари, шу йил 23-24 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Халқ таьлим вазирлиги томонидан 7-8-синфлар ўртасида ўтказилган республика “Ал-Хоразмий” олимпиадасида 8-синф ўқувчимиз Ўлмасжон Худойбердиев, 6-7 май кунлари Бухоро шаҳрида математика фанидан ўтказилган Республика олимпидасида 11-синф ўқувчимиз Севара Остонова фахрли 1-ўринларни эгаллади. Шу ўринда яна бир ташаббусни айтиб ўтсам, 2019 йилда республика бўйича “Тўхтамурод Жумаев номидаги Қоракўл математика олимпиадаси” ташкил этилиб, республикамиздан 1300дан ортиқ ўқувчи ёшлар ўзаро беллашишди. Олимпиаданинг Тошкент шаҳрида ўтказилган республика босқичида Қоракўл халқаро математика мактабимиздан 25 нафар ўқувчи иштирок этиб, олимпиаданинг мутлоқ ғолиби бўлишди. Устозимиз номидаги ушбу олимпиадани давом эттириш ниятидамиз, — дейди домла.
Дарҳақиқат, ушбу мактабнинг ютуқлари, ўқувчилар эришаётган натижалар ҳақида узоқ давом эттириш мумкин. Булар айни пайтда мактабда фаолият олиб бораётган 52 нафар фидойи устознинг салоҳияти, меҳнати самараси, масканнинг ўзига хос методикаси берган мевалар эканлиги билан аҳамиятлидир. Шу билан бирга, шаффоф ва адолатли қабул жараёни, жамоадаги ишчанлик руҳи, соғлом муҳит, ёш ва юқори салоҳиятга эга педагогларнинг кўплиги билан баҳолаш мумкин. Қолаверса, мактаб тажрибасида ота-оналар билан ҳамкорликда ишлаш яхши йўлга қўйилган.
— Ўзлаштиришида камчиликлар кузатилаётган ўқувчиларнинг ота-оналари мактаб маъмурияти томонидан огоҳлантирилади, қўшимча машғулотларга жалб қилинади, — дейди мактабнинг ўқув тарбия ишлари бўйича директор ўринбосари Ғайрат Қуллиев. — Аксинча, ўзлаштиришда намунали, ютуқларга эришаётган, мактаб-интернат шаънини республика ва халқаро олимпиадаларда муносиб ҳимоя қилаётган ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари маъмурият томонидан рағбатлантириб борилади. Бу эса ўқувчиларимизда ўз устида янада кўпроқ ишлаш иштиёқини оширади. Шу ўринда алоҳида таъкидлашим жоизки, устоз-мураббий ва ўқувчиларнинг биргаликдаги меҳнатлари эвазига қўлга киритилаётган юксак натижалар давлатимиз томонидан ҳам эътироф этилаётгани эътиборга молик. 2019 йил 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар байрами муносабати билан Халқаро мактабимиз директори Темир Рўзиев “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди. 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан ўқувчимиз Севара Остонова “Зулфия” номидаги давлат мукофоти билан, 2019 йил 30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан мактабимизнинг 9-синф ўқувчиси Дониёр Исмоилов, жорий йилда эса 9-синф ўқувчиси Анвар Раҳматов “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирландилар. Давлатимизнинг бу каби мукофотлари бутун жамоамизни янада руҳлантириб, бундан-да юксак натижа ва марраларни қўлга киритишга чорламоқда.
Бугун Қоракўл халқаро математика мактабининг тажрибаси, таълим методикаси мамлакатимиз бўйлаб андоза сифатида ўрганилмоқда ҳамда ана шу каби илғор мактаблар ташкил этилмоқда. Бу ҳақда Президентимиз Ўқитувчи ва мураббийлар кунидаги нуқтида шундай деган эди: “Қоракўл мактаби биз учун замонавий мактабнинг ҳақиқий андозаси эмасми? Нима учун Халқ таълими вазирлиги унинг ноёб тажрибасини етарлича оммалаштирмаяпти? Нима учун бошқа мактаб директорлари бу таълим даргоҳидан ибрат олмаяпти?... Нима учун бошқа вилоятларда, дейлик, Андижонда, Фарғона, Самарқанд, Хоразм ёки Қаршида, Жиззах ва Сирдарёда бундай мактаблар йўқ? Ваҳоланки, бугунги кунда бизга мана шундай юзлаб мактаблар, ўз касбининг чинакам устаси ва фидойиси бўлган минглаб мураббийлар сув билан ҳаводай зарур”.
Дарҳақиқат, ушбу даргоҳнинг мамлакатимиз таълим тизимида тутган ўрни беқиёс. Унинг “Қоракўл мактаби”, деган эътирофга сазовор бўлиши, бутун республика бўйича андоза сифатида кўрсатилиши замирида 30 йиллик тажриба, фидойи устозларнинг меҳнатлари мужассам. Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир туманда камида биттадан мана шундай мактаб яратиш бўйича берган топшириғига асосан бугун ҳудудларда Қоракўл мактаблари ташкил этилиб, унинг тажрибаси оммалаштирилмоқда. Бу эса мактаб жамоаси зиммасига ҳам янада залворли масъулият юклаб, ўз тажрибаларини янада бойитиш, ютуқ ва самарали натижалар салмоғини оширишга ундайди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА