Мустақиллик туфайли Ўзбекистон дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин эгалламоқда
Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини муносиб нишонлашга оид қарори эълон қилинди.
Олий Мажлис Сенати аъзоси Гулнора Маруфова шу ҳақдаги фикрлари билан ўртоқлашди:
– Бу ҳужжат юртимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий ва маънавий воқеа бўлганини алоҳида таъкидлашни истардим. Бу қарор орқали биз нафақат бир муҳим санани нишонлашни, балки мустақилликнинг мазмун-моҳиятини янада чуқур англашни, унинг қадрига етишни, халқимиз онгига сингдиришни мақсад қилганмиз.
Мустақиллик – бу бизнинг энг катта ютуғимиз. У халқимизнинг асрлар давомидаги орзу-умидлари, озод ва фаровон ҳаётга бўлган интилишларининг амалга ошган ифодасидир. Бугун айнан шу неъмат туфайли Ўзбекистон ўз тараққиёт йўлини мустақил белгилаб, дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаб бормоқда.
Қарорда белгиланган вазифаларга эътибор қаратадиган бўлсак, уларнинг барчаси бир-бири билан узвий боғлиқ ҳолда, мамлакатимизнинг барқарор ривожланишига хизмат қилади. Айниқса, “Янги Ўзбекистон” ғояси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини кенг ёритиш масаласи бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир.
Боиси, ҳар бир фуқаро мамлакатда юз бераётган ўзгаришларни, яратилаётган имкониятларни чуқур англаса, у ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланади. Бу эса, ўз навбатида, тараққиётни янада жадаллаштиради.
Қарорда иқтисодий ривожланиш ва аҳоли фаровонлигини оширишга алоҳида урғу берилган. Бугунги кунда юртимизда саноат, тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш соҳалари жадал ривожланмоқда, янги иш ўринлари яратилмоқда, аҳоли даромадлари ошиб бормоқда. Бу, албатта, мустақиллик самарасидир.
Шу билан бирга, ёшларга оид масалаларнинг устувор йўналиш сифатида белгилангани жуда муҳим. Зеро, ёшлар – юртимизнинг келажаги, Янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлари. Улар учун яратилаётган имкониятлар – сифатли таълим, замонавий касб-ҳунарлар, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш – буларнинг барчаси келажак тараққиёти учун мустаҳкам замин яратади.
Қарорда ижтимоий ҳимоя, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, нуронийларга эътибор каби масалаларга ҳам алоҳида ўрин берилган. Бу эса, давлат сиёсатининг марказида инсон қадри турганини яна бир бор тасдиқлайди.
Яна бир муҳим жиҳат, жамиятимизда миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш масаласидир. Бугунги глобаллашув шароитида тинчлик ва барқарорликни сақлаш – энг устувор вазифалардан бири. Шу нуқтаи назардан, қарорда белгиланган чора-тадбирлар юртимиздаги ҳамжиҳатликни янада кучайтиришга хизмат қилади.
Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган маданий-маърифий тадбирлар, фестиваллар, илмий анжуманлар, ижодий лойиҳалар – буларнинг барчаси халқимизнинг миллий ғурурини ошириш, айниқса, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
Мен сенатор сифатида шуни алоҳида қайд этмоқчиманки, ушбу қарор ижросини таъминлашда парламентнинг ҳам ўрни беқиёс. Биз белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини назорат қилиб борамиз. Чунки ҳар бир амалга оширилаётган иш ортида халқ манфаати, юрт тараққиёти турибди.
Ишонаманки, мустақиллигимизнинг 35 йиллиги юртимизда умумхалқ байрами сифатида юксак руҳда нишонланади. Бу, нафақат байрам, балки ўтган йўлимизни сарҳисоб қилиш, эришилган ютуқларимизни таҳлил этиш ва келажак учун янги марраларни белгилаб олиш имконияти ҳамдир.
Энг муҳими, бу жараён барчамизни бирлаштиради, Ватанимизга бўлган меҳр ва садоқатимизни янада мустаҳкамлайди.
Н.Абдураимова,
ЎзА