“Мустақиллик тўйи” фестивали Навоийда
Навоий вилоятида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан “Мустақиллик тўйи” фестивали доирасида маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
“Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” ғояси асосида ташкил этилган фестиваль доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, инсон қадрини улуғлаш ва жамиятда ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар алоҳида эътироф этилмоқда.

Навоий машинасозлик заводида ташкил этилган “Шукроналик” маърифий учрашувида таниқли адиблар, санъаткорлар, маданият арбоблари ва зиёлилардан иборат тарғиботчилар ишчи-ходимлар билан самимий мулоқотда бўлди.
Унда мустақиллик неъматлари, юртимизда қарор топган тинчлик ва барқарорлик, мамлакат тараққиёти йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳамияти ҳақида фикр алмашилди.

– Турли миллат вакиллари меҳнат қилаётган Навоий машинасозлик заводида “Мустақиллик тўйи” фестивали ўзига хос катта тайёргарлик, кўтаринки руҳда ўтди, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Зулфия Мўминова. – Бугун Янги Ўзбекистонда иқтисодиётнинг барча тармоқларини модернизация қилиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва аҳоли турмуш даражасини юксалтиришга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Бу жараёнларда кон-металлургия комбинати жамоаси ҳам фаол иштирок этмоқда. Соҳада жорий этилаётган замонавий технологиялар, рақамлаштириш ва инновацион ёндашувлар ишлаб чиқариш ҳажмларининг ўсишига, меҳнат шароитларининг яхшиланишига хизмат қилмоқда. Таниқли санъаткорлар, актёрлар, ёзувчи-шоирлар, олимлар, маънавият тарғиботчилари ўз чиқишларида жамиятда бирдамликни мустаҳкамлаш, тинчлик ва мустақиллик неъматининг қадри, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритди. Ўйлайманки, бундай маърифий тадбирлар мустақилликнинг аҳамияти, қолаверса, миллий қадриятлар ва бой маънавий меросимизни кенг тарғиб этишга хизмат қилади.

Фестиваль иштирокчилари Мурунтов конига ташриф буюриб, мамлакатимиз саноат қудратининг рамзига айланган ушбу йирик ишлаб чиқариш мажмуасида олиб борилаётган ишлар билан танишди. Замонавий техника ва технологиялардан самарали фойдаланиш, ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш борасидаги ишларга гувоҳ бўлди.

Марказий кон бошқармасида бўлиб ўтган маънавий-маърифий учрашув ҳам иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Тарғиботчилар мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, миллий қадриятлар ва маънавий меросни асраб-авайлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз юритди.

– Бугунги ижодий учрашув мен учун таассуротларга бой бўлди. Сафаримиз давомида Қизилқум саҳроси бағридаги “Мурунтов” кони фаолияти билан танишдик, кончилар ҳузурида бўлдик. Соҳа вакиллари орасида мухлисларим кўплигидан хурсанд бўлдим. Улар мени олқишлаб тургани санъатимга илҳом бағишлади. Зеро, тинч-осуда юртимизга мана шундай байрамлар ярашади. Бунинг барчаси мустақиллигимиз берган неъматлар туфайлидир. Илоҳим, Истиқлолимизга кўз тегмасин, – дейди таниқли хонанда Ирода Искандарова.

“Мустақиллик тўйи” фестивали доирасидаги маънавий-маърифий учрашувлар, адабий суҳбатлар, маданий тадбирлар ва кўнгилочар дастурлар давом этмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири