Мустақиллик – машаққатли йўл сарҳисоби ва келажакка қўйилган қадамлар кўзгуси
Мустақилликнинг 35 йиллиги
Ўзбекистон ўз мустақиллигининг 35 йиллик шонли юбилейини қарши олар экан, мамлакатимиз миқёсида кечаётган жараёнлар фақатгина байрам кайфияти билан чекланиб қолмайди. Бу сана – мустақиллик йилларида босиб ўтилган машаққатли ва шарафли йўлнинг чуқур сарҳисоби, эришилган ютуқларнинг салмоғи ва энг муҳими, келажакка қўйилган ишончли қадамларнинг таҳлилий кўзгусидир.

Айниқса, охирги ўн йиллик мамлакатимиз ҳаётида чинакам сифат ўзгаришлари даври бўлди. Бу давр ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги эскирган “қолип”лардан воз кечиб, мутлақо янги, замонавий, очиқ ва демократик жамият қуриш сари ташланган шиддатли қадамлар билан тарих саҳифаларига ёзилди. Мамлакатда бошланган туб ислоҳотлар кўлами, тезлиги жиҳатидан бугун жаҳон ҳамжамияти, халқаро экспертлар ва молия институтлари томонидан ҳам эътироф этилмоқда.
Бу фақатгина статистик рақамларда эмас, балки ҳар бир фуқаронинг кундалик ҳаётида, оиласида, кўчаси ва маҳалласида яққол сезилмоқда. Халқимизнинг онгу тафаккури ўзгариб, эртанги кунга бўлган ишончи мустаҳкамланди. Учинчи Ренессанс – маърифатли жамият пойдеворини қуриш ғояси бугун шунчаки шиорга эмас, балки кундалик амалий ҳаракатимизга айланди.
Бугун исталган давлатнинг қудрати, халқаро майдондаги обрўси ва фуқароларининг фаровонлиги биринчи навбатда унинг иқтисодий салоҳияти билан белгиланади. Охирги ўн йил ичида Ўзбекистон ўз иқтисодий сиёсатини тубдан қайта кўриб чиқди. Илгари мавжуд бўлган сунъий тўсиқлар, ёпиқлик кайфияти ва иқтисодиётнинг давлат томонидан ҳаддан ташқари тартибга солиниши амалиётидан босқичма-босқич воз кечилди.
Бу борадаги энг муҳим қадамлардан бири – 2017 йилдан бошлаб миллий валютанинг эркин конвертацияси жорий этилиши бўлди. Ҳал бўлмайдигандек кўринган бу муаммонинг бартараф этилиши мамлакат иқтисодиётига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишнинг асосий йўлини очиб берди. Ишбилармонлар, экспортчилар ва хорижий инвесторлар учун эркин, шаффоф бозор муҳити яратилди. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг халқаро молия бозорларига фаол кириб бориши, миллий евробондларнинг хорижий биржаларда жойлаштирилиши мамлакатимизнинг молиявий имкониятларини бутун дунёга намоён этди.
Шунингдек, сўнгги ўн йилликда иқтисодиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи сифатида хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Бизнес юритишдаги ортиқча бюрократик тўсиқлар, турли текширувлар ва сунъий чекловлар кескин қисқартирилди. Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-қоидалари соддалаштирилди.
Энг муҳими, хусусий мулк дахлсизлиги конституциявий ва қонуний жиҳатдан қатъий кафолатланди. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича янги институционал механизмлар яратилди. Бунинг самараси ўлароқ, мамлакатимизда минглаб янги хусусий корхоналар, хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш субъектлари ташкил топди. Мамлакат ялпи ички маҳсулотида хусусий секторнинг улуши сезиларли даражада ошди.
Шу билан бирга, анъанавий тармоқлар бўлган тоғ-кон саноати, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик саноати замонавий технологиялар асосида тубдан янгиланди. Қишлоқ хўжалигида кластер тизимининг жорий этилиши маҳсулот етиштиришдан тортиб то уни қайта ишлаб, тайёр ҳолда экспорт қилишгача бўлган занжирни тўлиқ қамраб олди ва юқори қўшилган қиймат яратиш имконини берди.
Дунёда кечаётган глобал иқлим ўзгаришлари ва экологик чақириқларга жавобан Ўзбекистон “яшил иқтисодиёт”га ўтиш стратегиясини қатъият билан амалга оширмоқда. Республикамизнинг турли ҳудудларида, хусусан, Навоий, Бухоро, Қашқадарё, Жиззах ва Тошкент вилоятларида йирик қуёш ҳамда шамол электр станциялари барпо этилмоқда. Бу лойиҳалар нафақат ички энергия эҳтиёжларини қондириш, балки келажак авлодлар учун экологик тоза ва барқарор энергия хавфсизлигини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг бош ғояси – “Инсон қадри учун” деган эзгу тамойилдир. Сўнгги ўн йил ичида амалга оширилган барча ислоҳотларнинг марказида айнан инсон, унинг турмуш фаровонлиги, соғлом ва хавфсиз муҳитда яшаши, таълим олиши ҳамда эртанги кунга ишончи туради.
Жумладан, Ўзбекистон тарихида илк бор камбағалликни қисқартириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Мамлакатда фақатгина ёрдам бериш эмас, балки инсонларни оғир аҳволдан чиқариш, уларни касб-ҳунарли қилиш, бандлигини таъминлаш орқали даромад манбаи билан таъминлаш сиёсати юритилди. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” тизимлари орқали ҳар бир оила ва фуқаронинг муаммоси манзилли равишда ўрганилиб, амалий ёрдам кўрсатилди.
Ижтимоий нафақалар ва пенсиялар миқдори мунтазам равишда ошириб борилди. Ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар ва етим болаларни қўллаб-қувватлаш бўйича мутлақо янги, замонавий ижтимоий хизматлар тизими яратилди.
Қолаверса, Ўзбекистоннинг шаҳар ва қишлоқлари қиёфаси таниб бўлмас даражада ўзгарди. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурлари асосида республикамизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам ичимлик суви, электр таъминоти, табиий газ, рақамли алоқа ва йўл-транспорт инфратузилмаси яхшиланди. Замонавий мактабгача таълим муассасалари, маданият ва спорт мажмуалари қад ростлади. Ҳар бир маҳаллада “маҳалла еттилиги” тизимининг жорий этилиши маҳаллий муаммоларни бевосита жойида ҳал қилиш имконини берди.
Шу билан бирга, жамиятда инсонпарварлик тамойили муҳим ўрин эгаллади. Турли ҳаётий вазиятлар ҳамда адашишлар сабабли жамоатдан ажралиб қолган, бироқ қилган ишидан чин дилдан пушаймон бўлган минглаб фуқароларнинг тақдирига ижобий ёндашилди. Муҳтарам Президентимизнинг фармонларига кўра амалга оширилган афв этиш институтининг мунтазам қўлланилиши жамиятда бағрикенглик, кечиримлилик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлади. Бу минглаб оилаларга қувонч бағишлаб, инсонларнинг жамиятга тўлақонли қайтишини таъминлади.
Хулоса қилиб айтганда, охирги ўн йилликда мамлакатимизда амалга оширилган шиддатли ва туб ислоҳотларнинг амалий натижаси ўлароқ, Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий очиқлиги, ижтимоий ҳимоянинг кучайгани ва энг асосийси, “Инсон қадри учун” ғояси ҳаётга тўлақонли татбиқ этилганини яққол кўрсатди. Бу эса халқимизнинг эртанги кунга бўлган қатъий ишончини мустаҳкамлаб, юртимизни Учинчи Ренессанс сари ишончли ва барқарор қадамлар билан бошлаб бормоқда.
Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси