Мустақиллик — эркинлик, дўстлик ва катта масъулият (+видео)
Ўзбекистон Қирғиз миллий маданий маркази раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Раҳматилла Жабборов билан суҳбатда мустақиллик йилларида юртимизда турли миллат ва элат вакиллари учун яратилган имкониятлар, миллатлараро тотувлик ва дўстлик, ёшлар тарбияси ҳамда Ватанга хизмат қилишнинг аҳамияти ҳақида сўз борди.
— Мустақиллик, энг аввало, бизга эркинлик берди. Ота-боболаримиздан қолган қадриятларимизни ўз ўрнига қўйди. Энг муҳими, мамлакатимизда яшаётган турли миллат вакиллари ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлади.
Бугун Ўзбекистонда турли миллат вакиллари бир оиладек яшаб келмоқда. Қайси туман, шаҳар ёки вилоятга борманг, халқимизнинг меҳр-оқибати, бағрикенглиги ва аҳиллигини кўрасиз.
Бугун юртимизда инсонларга эркинлик берилиб, уларнинг орзу-умидларини амалга оширишлари учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Бу жуда катта гап.
Ўзбекистонда яшаётган қирғиз миллати вакиллари ҳам бугунги шароитлардан мамнун. Андижон, Наманган, Фарғона, Жиззах, Сурхондарё каби вилоятларда қирғиз миллати вакиллари истиқомат қилади.
Миллий маданиятимизни ривожлантириш, урф-одат ва анъаналаримизни асраб-авайлаш учун барча шароитлар яратилган. Миллий маданият марказлари фаолият юритмоқда, миллий байрамлар ва турли маданий тадбирлар мунтазам ўтказилмоқда.
Мен учун 2026 йил ҳаётимда жуда муҳим ва унутилмас воқеаларга бой йил бўлди. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг фармонлари билан кўп йиллик меҳнатларим учун «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи» фахрий унвони билан тақдирландим.
Бу унвон мен учун нафақат юксак эътироф, балки катта масъулият ҳамдир. У менга янада катта мотивация берди. Мамлакатимиз, халқимиз ва ёшларимиз учун янада кўпроқ хизмат қилишга ҳаракат қиламан.
Ёшим 75 да бўлса-да, бир кун ҳам бекор ўтирмайман. Чунки инсон доимо ҳаракатда бўлиши керак. Инсоннинг ҳаракати, аввало, ўзига, қолаверса жамиятга, халққа ва ёшларга фойда келтириши зарур.
Менга «мураббий» деган унвон берилган экан, бундан Аллоҳга шукр қиламан. Бу менга яна бир куч ва энергия берди. Бор билим ва тажрибамни ёшларга беришга ҳаракат қиламан. Чунки кейинги авлод биз ким бўлганимизни, бугун кимга айланганимизни ва ота-боболаримиз ким бўлганини билиши керак. Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Амир Темур каби буюк аждодларимизнинг ҳаёти ва меросини ёшларимиз чуқур ўрганиши зарур.
Биз, қирғиз миллати вакиллари ҳам Ўзбекистонда яратилаётган тинч ва фаровон ҳаётдан мамнунмиз. Ўзбекистонда туғилганимдан фахрланаман ва ғурурланаман.
Н.Раҳмонова,
О.Давронов (видео), А.Аҳмедов (монтаж),
ЎзА