Мустақил юртнинг фарзанди бўлиш – бахт
Мустақиллигимизнинг 30 йиллик айёмини янги Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти олдидаги юксак обрў-эътибори, эришаётган улкан натижаларига муносиб тарзда чексиз қувонч ва фахр туйғулари билан кутиб олдик.
Бугун Президентимиз ташаббуси билан олиб борилаётган ислоҳотлар ва янгиланишлар натижасида юртимизга нисбатан жаҳон ҳамжамияти томонидан янги Ўзбекистон истилоҳи кенг қўлланилмоқда.
Юртбошимиз Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллик байрамига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида «Мамлакатимизда олиб борилаётган жадал ва кенг кўламли ислоҳотлар юртимизда янги даврни – янги Ўзбекистон даврини бошлаб берди», дея бу тушунчанинг бугунги ҳаётимизда тутган ўрни ва аҳамияти нақадар юксак эканлигини яна бир карра намоён этди.
Ҳеч шубҳасиз, бугун юртимизда ислоҳотлардан энг кўп баҳраманд бўлаётган, шунинг баробарида, улкан ўзгаришларга юз тутган соҳалардан бири бу олий таълим тизимидир. Президентимиз ҳар бир нутқлари, ҳар бир учрашувларида бу соҳага албатта, тўхталиб, унинг янада тараққий этиши учун ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдириб келмоқда.
Бу эътибор ва ғамхўрлик самараси ўлароқ, юртимизда сўнгги 5 йилда 64 та янги олий таълим муассасаси ташкил этилиб, уларнинг сони 141 тага етказилди. Қабул квотаси эса 3 баробар оширилди.
Бу натижаларга бевосита гувоҳ бўлаётганимиз учун ҳали унинг қанчалик муҳим аҳамият касб этишини тўлиқ англамаётгандаймиз, назаримда. Дунёнинг кўплаб ривожланган давлатлари тажрибасини ўрганар эканмиз, айнан таълим тизимига эътибор туфайли улар шу даражага етганига гувоҳ бўламиз.
Айни шу нуқтаи назардан оладиган бўлсак, халқимизнинг фаравон ҳаёт кечириши, юртимизнинг ҳаттоки, пандемия даври бўлишига қарамасдан иқтисодий жиҳатдан дадил илдамлаб боришида айни шу тизимдаги ислоҳотларнинг ҳам аҳамияти беқиёс.
Хусусан, бу жараён бадиий таълим соҳасида ҳам яққол кўзга ташланмоқда. Таъкидлаш ўринлики, жаҳонга янгича қараш, очиқлик ва ошкоралик тамойилларини сарбаланд тутган ҳолда юзланаётган янги Ўзбекистоннинг санъати ва маданияти ҳам тарихий анъаналар ва замонавий қарашлар уйғунлигида ўзининг янги ривожланиш босқичига чиқиб бормоқда.
Бугун миллий санъатимизда ўз фикри, услуби ва дунёқарашига эга ёш ижодкорлар авлоди шаклланди. Улар ўз ижоди билан айни пайтнинг ўзидаёқ санъат аҳли ва халқимизнинг эътирофига сазовор бўлиш, юртимиздаги бунёдкорлик ишларига ўз ҳиссасини қўшиш баробарида, жаҳондаги нуфузли кўргазма-танловларда ҳам муносиб иштирок этиб, янги Ўзбекистон санъати довруғини янада кенг ёйилишига хизмат қилиб келмоқда.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқларида таъкидлаб ўтганларидек, «Бугунги кунда янгича ва мустақил фикрлайдиган, масъулиятли, ташаббускор, ватанпарвар ёшларимиз жаҳон майдонларида турли соҳа ва йўналишларда юксак марраларни эгалламоқда».
Кўп асрлар аввал буюк саркарда бобомиз Амир Темур «Агар бизнинг қудратимизга шубҳа қилсанг, биз қурган иморатларга боқ», дея таъкидлаган эди. Президентимиз ташаббуси асосида бунёд этилган ҳамда мустақиллик байрами тантаналари билан ўз фаолиятини бошлаган янги Ўзбекистон боғи ва Мустақиллик монументини кўрган ҳар бир юртдошимизнинг хаёлига Соҳибқирон бобомизнинг ушбу сўзлари келган бўлса, ажабмас.
Негаки, «Янги Ўзбекистон» боғи ва Мустақиллик монументига давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг май ойида илк ниҳоллар экилиб, тамал тоши қўйилган эди. Қисқа фурсат давомида олиб борилган бунёдкорлик ишлари натижасида яна бир муҳташам монумент, халқимиз учун улкан маърифат масканига айланажак боғ барпо этилди.
Қувонарли томони, сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида фаолият олиб бораётган профессор-ўқитувчилар ҳамда таҳсил олаётган талаба-ёшлар ҳам фаол иштирок этиб, Ватанимизнинг янада гўзал қиёфа касб этишида ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
«Адиблар хиёбони», “Ғалаба боғи” ва «Янги Ўзбекистон» боғи каби мажмуаларни мисол тариқасида келтиришимиз мумкин. Хусусан, «Янги Ўзбекистон» боғи ва Мустақиллик монументининг бунёд этилишида Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, таниқли ҳайкалтарош Илҳом Жабборов, Ўзбекистон халқ рассоми Жасвант Анназаров, Баҳром Норбоев, Ўткир Асроров, Ботир Ҳакимов каби институтда фаолият юритаётган профессор-ўқитувчилар ҳамда айни шу устозлардан таълим олиб, бугун ижод майдонига дадил қадам қўяётган талаба-ёшлар – Элмурод Исмоилов, Алишер Боқиев, Сарвар Рахимов Тохир Ахмедов, Эркабой Аминов, Абдуқодир Ортиқбоев, Маъруф Пардаев, Беҳзод Рўзибоев, Шихназар Эгамбердиев иштирок этишди.
«Янги Ўзбекистон» боғи ҳақида гап кетганда шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, ушбу масканда бугун янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган янгиланишлар, улкан ислоҳотларнинг рамзий ифодаси ўлароқ, тарих ва бугун учрашуви ўз аксини топган. Ташриф буюрган киши халқимизнинг босиб ўтган кўп минг йиллик тарихи, бугунги доруломон кунларга бўлган шукроналик туйғуларининг муфассал баёнига гувоҳ бўлади.
Президентимиз таърифлаганларидек, «Ҳеч шубҳасиз, ушбу мажмуа халқимиз, аввало, ёш авлодимиз учун Ватанга муҳаббат ва садоқат тимсолига, қутлуғ зиёратгоҳ, ўзига хос ноёб маданият ва маърифат, тарбия марказига айланиб қолади».
Хулоса ўрнида айтиш ўринлики, мустақиллик деган улуғ неъмат ҳар биримизнинг зиммамизга унга хизмат қилиш, Ватанимизнинг тараққиётига муносиб ҳисса қўшишдек улкан масъулият юклайди.
Мана шу юртда яшар эканмиз, тақдиримизнинг Ватан тақдири билан боғлиқ ҳолда тасаввур этар эканмиз, аввало бизга юклатилган ҳар бир вазифани сидқидилдан адо этмоғимиз, Ватан манфаатини доимо энг биринчи даражада ҳис этмоғимиз даркор. Ана шунда янги Ўзбекистоннинг фуқароси ва фарзанди бўлишдек улкан бахтга муносиб бўламиз.
Нодирбек Сайфуллаев,
Камолиддин Беҳзод номидаги
Миллий рассомлик ва дизайн
институти ректори.