Мустақил тараққиётнинг янги мезонлари: қонун, инсон ва масъулият
Мамлакат тараққиётини муайян бир давр билан ўлчаб бўлмайди. Тараққиётнинг ҳақиқий мазмуни давлатчилик институтларининг қанчалик мустаҳкамлангани, қонуннинг жамият ҳаётидаги таъсири, инсон учун яратилган имкониятлар ва келажак авлод манфаатларининг қай даражада таъминланганида намоён бўлади.
Ўзбекистоннинг 35 йиллик мустақиллик тарихи ана шу нуқтаи назардан катта сиёсий ва амалий тажриба мактабидир.
Тошкентда давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишлаб ўтказилган халқаро илмий-амалий конференцияда мамлакатимизнинг босиб ўтган тараққиёт йўли, амалга оширилган ислоҳотлар ва истиқболдаги вазифалар кенг муҳокама қилинди. Хорижий парламентлар, халқаро ташкилотлар, экспертлар ва илмий доиралар вакилларининг иштирок этгани конференциянинг мазмун-моҳиятини янада бойитди.
Ўтган 35 йил давомида Ўзбекистонда мустақил давлатчиликнинг ҳуқуқий ва институционал асослари шаклланди. Давлат бошқаруви, иқтисодиёт, ижтимоий ҳимоя, таълим, суд-ҳуқуқ тизими, ташқи сиёсат каби кўплаб йўналишларда чуқур ўзгаришлар юз берди. Айниқса, сўнгги ўн йиллик мамлакат тараққиётида янги сиёсий ва иқтисодий ёндашувлар қарор топган давр сифатида алоҳида ўрин тутади.
2023 йилда янги таҳрирда қабул қилинган Конституция ана шу жараёнларнинг ҳуқуқий пойдеворини янада мустаҳкамлади. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қадр-қиммати, ижтимоий ҳимояси, давлатнинг фуқаро олдидаги масъулиятига оид нормаларнинг кучайтирилиши давлат ва жамият муносабатларига янги мазмун олиб кирди.
Конституциядаги нормаларнинг ҳаётга тўла татбиқ этилиши эса барча давлат институтлари, хусусан, парламент зиммасига катта масъулият юклайди. Қонунчилик палатаси учун асосий вазифалардан бири қабул қилинаётган қонунларнинг замон талабларига, ижтимоий эҳтиёжларга ва Конституция тамойилларига мослигини таъминлашдир.
Қонуннинг кучини унинг қабул қилингани эмас, жамиятда қандай ишлаётгани белгилайди. Фуқаро ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш имконига эга бўлса, тадбиркор қонуний ва барқарор муҳитда ишласа, давлат хизмати инсонга қулайлик яратса, қонун ижодкорлигининг амалий натижаси намоён бўлади. Шу боис қонунларни қабул қилиш билан бирга уларнинг ижросини, таъсирини ва юзага келаётган ҳуқуқий муносабатларга мослигини мунтазам таҳлил қилиш зарур.
Парламент назоратининг аҳамияти ҳам ана шу жараёнда янада ортади. Давлат дастурлари ва қонунлар ижросини ўрганиш, масъул идоралар фаолиятига ҳуқуқий баҳо бериш, аҳоли мурожаатларида кўтарилаётган масалаларни парламент муҳокамасига олиб чиқиш орқали қонунчиликнинг ҳаёт билан узвий боғлиқлиги таъминланади.
Тараққиётнинг иқтисодий асослари ҳақида сўз борганда ҳам рақамларнинг ўзи билан чекланиб қолмаслик лозим. 2025 йил якунига кўра ялпи ички маҳсулот ҳажмининг 147 миллиард АҚШ долларидан ошгани, ташқи савдо айланмасининг 81,17 миллиард долларга етгани, кейинги йилларда иқтисодиётга 150 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестициялар жалб этилгани мамлакат иқтисодий салоҳияти ошиб бораётганини кўрсатади.
Иқтисодий ўсишнинг барқарорлиги эса, аввало, хусусий ташаббус, рақобат, инвестиция учун ҳуқуқий кафолатлар ва янги иш ўринларига боғлиқ. Шунинг учун иқтисодий ислоҳотларнинг кейинги босқичида бизнес муҳитини янада такомиллаштириш, мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва тадбиркорлик субъектлари учун тенг шароитларни мустаҳкамлаш муҳим.
Ижтимоий сиёсатдаги ўзгаришлар ҳам тараққиётнинг инсон ҳаёти билан боғлиқ жиҳатларини кўрсатади. Камбағаллик даражасининг 35 фоиздан 5,8 фоизга туширилиши, 8,5 миллион нафар эҳтиёжманд аҳоли даромадларининг оширилиши, уй-жой қурилиши кўламининг кенгайиши аҳоли фаровонлигини таъминлаш борасидаги ишлар самарасини кўрсатмоқда. Таълим қамровининг ортиши эса инсон капиталига қаратилаётган эътиборнинг муҳим кўрсаткичидир.
Шу билан бирга, тараққиёт тушунчаси бугун экологик масъулият билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Иқтисодий ўсиш ва табиий ресурсларни асраш ўртасидаги мувозанатни таъминлаш келажак учун стратегик аҳамиятга эга.
“Яшил макон” лойиҳаси доирасида қарийб 1 миллиард туп дарахт ва бута экилиши, Орол денгизининг қуриган тубида 2 миллион гектардан ортиқ майдонда ўрмонзорлар барпо этилаётгани, қайта тикланувчи энергия манбаларининг ишлаб чиқаришдаги улуши қарийб 45 фоизга етгани мамлакатда экологик сиёсатнинг мазмуни кенгайиб бораётганини кўрсатади.
Экологик масалаларни фақат табиатни муҳофаза қилиш доирасида кўриш етарли эмас. Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ҳаво сифатини яхшилаш, чиқиндиларни бошқариш, энергия самарадорлиги, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, аҳоли учун соғлом ва хавфсиз яшаш муҳитини яратиш — инсон фаровонлиги билан бевосита боғлиқ вазифалардир. Шу жиҳатдан экологик қонунчиликни такомиллаштириш, ҳуқуқий нормаларнинг ижросини таъминлаш ва жамоатчиликнинг экологик маданиятини ошириш парламент эътиборидаги муҳим йўналишлардан бири бўлиб қолади.
Мустақил тараққиётнинг яна бир муҳим натижаси Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги очиқ ва фаол сиёсатида кўринади. Президентимиз ташаббуси билан Тошкентда Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеяси ўтказилгани мамлакатимизнинг парламент дипломатиясидаги нуфузи ортиб бораётганини намоён этди.
Давлатимиз раҳбарининг хорижий ташрифлари давомида парламентлар раҳбарлари билан учрашувларга алоҳида эътибор қаратаётгани ҳам сиёсий мулоқотнинг янги имкониятларини очмоқда. Парламентлараро алоқалар орқали қонунчилик тажрибасини ўрганиш, давлатлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорлик учун зарур ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш мумкин.
Айниқса, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги яқинлашув жараёнида парламент дипломатияси муҳим аҳамият касб этади. Савдо, транспорт, энергетика, сув ва экологик хавфсизлик билан боғлиқ масалалар минтақадаги давлатларнинг умумий манфаатларига дахлдор. Шунинг учун парламентлар ўртасидаги доимий мулоқот минтақавий ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши керак.
Конференция якунида қабул қилинган Тошкент декларациясида парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш, қонунчилик тажрибасини алмашиш, ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган мулоқотни кенгайтириш ҳамда қўшма ташаббусларни илгари суришга алоҳида урғу берилгани шу нуқтаи назардан муҳим.
35 йиллик тараққиёт тажрибаси олдимизга янги вазифаларни ҳам қўймоқда. Энди гап эришилган натижаларни санаб ўтиш ҳақида эмас, уларни барқарор ва сифатли ўсиш манбаига айлантириш ҳақида бормоқда. Қонун устуворлиги, инсон манфаати, иқтисодий эркинлик, ижтимоий адолат ва экологик хавфсизлик бир-бирини тўлдиргандагина тараққиёт узоқ муддатли натижа беради.
Шу маънода, мустақилликнинг 35 йиллиги ўтган йўлга баҳо бериш билан бирга, келгуси вазифаларга масъулият билан қараш учун ҳам муҳим сиёсий палладир. Парламентнинг вазифаси эса ана шу жараёнда қонунчилик сифатини ошириш, парламент назоратининг таъсирчанлигини таъминлаш, инсон ва табиат манфаатларини ҳуқуқий жиҳатдан ишончли ҳимоя қилиш ҳамда халқаро парламентлараро ҳамкорлик имкониятларидан самарали фойдаланишдан иборат.
Ҳилола ЮСУПОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.