“Мусиқа ва санъат”, “Эстрада ва цирк” техникумларига олий мактаб мақоми берилади
Президент Шавкат Мирзиёевнинг маданият ва санъат соҳаси ходимлари билан учрашуви давом этмоқда.
–Менинг ниятим – ҳар бир хонадонга мусиқа чолғуси кириб борсин, ҳар бир ўғил-қизимиз мусиқа чалишни ўргансин. Чунки санъатни, мусиқани севган боланинг қалби тоза, тафаккури кенг бўлади, – деди Президентимиз.
Мутасаддиларга ҳар бир умумтаълим мактабида мусиқа ва санъат йўналишида камида 4 тадан тўгарак ташкил қилиш топширилди. Миллий чолғу сотиб олган тўгаракларнинг 30 фоиз харажати қоплаб берилади.
–Биз ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ҳақида гапирганда, имконияти чекланган ёшларимизни ҳам унутмаслигимиз лозим, – деди давлатимиз раҳбари.
Бунинг учун янги ўқув йилидан ҳудудларда “Инклюзив ижодий устахоналар” ташкил қилинади. Инклюзив ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, уларга дарсликлар, ижод учун зарур анжомлар хариди учун ҳар йили 30 миллиард сўмдан ажратиб борилади.
Маданият ва санъат соҳалари учун кадр тайёрлаш ўзига хос ижодий хусусиятларга асосланиб ташкил этилиши керак. Шу боис, янги ўқув йилидан ихтисослашган мактабларга ўқувчилар мусиқа йўналишида 5-синфдан, рақс, театр, санъат бўйича 9-синфдан қабул қилинади.
Касбий таълим агентлиги тасарруфидаги “Мусиқа ва санъат”, “Эстрада ва цирк” техникумлари Маданият вазирлиги тизимига ўтказилиб, уларга олий мактаб мақоми берилади.
ЎзА