“Мурувват” уйи аёллари улуғланди
Янги йил арафасида Жиззах политехника институти раҳбарияти томонидан “Мурувват” ногиронлиги бўлган аёллар интернат уйи тарбияланувчиларига байрам совғалари топширилди.
Ушбу Янги йил совғаларини ўз эгаларига Жиззах политехника институтининг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори С.Эшбекова, молия ва иқтисод ишлари бўйича проректор вазифасини бажарувчи Ў.Мисиров ҳамда хўжалик бўлими бошлиғи Ў.Норбоевлар топширди.
Маълумот ўрнида, ушбу “Мурувват” интернат уйининг умумий қуввати 300 ўринга мўлжалланган бўлиб, ҳозирги кунда бу ерда 300 нафар васийликка олинган аёллар истиқомат қилади. Уларга 215 нафар ходим ижтимоий хизмат қилиб келмоқда.
[gallery-21059]
Мазкур шифо муассасасида 200 ўринга мўлжалланган фаоллар зали, учрашув хонаси, беморлар қабулхонаси, маданият ва маърифат хонаси, гўзаллик салони, меҳнат-терапия, арт-терапия, мусиқа, жисмоний тарбия хоналари, кутубхона, спорт зали, сунъий қопламали стадион, каштачилик, амалий безаклар, рангли қоғозлар билан ишлаш, тикувчилик-бичувчилик хоналари мавжуд.
Шунингдек, бу ерда истиқомат қилувчи васийликка олинган аёллар учун фитобар, массаж, физиотерапия, УТТ, ЭКГ, стоматология, гинекология хизматлари кўрсатилмоқда. Булардан ташқари, дорихона, кирхона, ҳар бир бўлимда муолажа хонаси ва ошхоналар ҳам фаолият юритиб келмоқда.
Масъуллар “Мурувват” ногиронлиги бўлган аёллар интернат уйидаги васийликка олинган аёллар учун яратилган шароит билан танишди ва уларни байрам билан табриклаб, Янги йил совғалари улашилди.
А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА