Мурожаатларнинг аксарияти ижобий ҳал бўлди
Бухоро вилояти Жондор тумани “Занги” маҳалла фуқаролар йиғини Янгиобод қишлоғида яшовчи фуқаро Х.Эргашева оилавий можаро сабаб тўрт боласини олиб ота уйига келади. Турмуши “ўхшамаган” аёл ноилож ота ҳовлиси олдида бўш турган жойда ҳеч бир ҳужжатсиз иморат тиклайди. Бу иши қонун жиҳатдан суд томонидан ўзбошимчалик деб топилади. Ноқонуний қурилган уйни бузиб, ўрнига маҳалла биноси қурилишини эшитган аёл бундан норози бўлади. Тўғри, ҳокимлик уй-жой қилиш учун унга бошқа ердан жой ажратади. Аммо, фуқаро ота уйидан узоқ кетишни хоҳламайди. Нажот истаб Республика Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасига мурожаат қилади.
Қоракўллик фуқаро О.Одилова эса боласини қайтариб олиш масаласида туман Оила ва хотин-қизлар бўлимига ёрдам сўраб такрор-такрор мурожаат қилган. Маълум бўлишича, аёл оиласи билан келишиб икки фарзандини эри ва қайнонасига қолдириб чет элга ишга кетади. Ўшанда кенжаси 7 ойлик бўлган. Ишининг тайини бўлмайди. Пулсиз уйга қайтишни истамаган аёл узоқ вақт чет элда қолиб кетади. Бу орада эри касалликка чалиниб вафот этади. Болалари бувиси қўлида қолади. Аммо, кўп ўтмай қайнона ҳам қазо қилади. Болаларни эса фарзандсиз қайнопаси ўз қарамоғига олади. Қайнопаси ҳам Туркияга ишга кетади. Болаларни ўзининг укаси, яъни фуқаро О.Одилованинг қайнукасига қолдиради. Қоракўлга қайтган фуқаро О.Одилова болаларини ўз ёнига олади. Катта ўғли у билан яшай бошлайди, аммо кенжаси амакисиникида қолади.

Фуқаро О.Одилова боласини ўзига қайтаришда қийналаётганини билдириб Президент Халқ қабулхонасига телефон орқали мурожаат қилади.
Ана шундай такрор ва анчадан буён ҳал бўлмаётган 8 та мурожаатлар юзасидан вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ташаббуси билан судлар билан қўшма қарорга мувофиқ вилоят фуқаролик ишлари бўйича судида йиғилиш ўтказилди.
Тадбирга барча даъвогар ва жавобгар томонлар таклиф этилди. Мурожаатлар орасида оилавий ажрим ёқасида турган оилалар ўртасида фарзанд “талашиш” ёхуд уйга киритиш, мол-мулк, ишга тиклаш масалалари ҳам бор. Мурожаатчиларнинг барчаси аёллар.

Аёлларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, муаммоларга қонун доирасида, адолатли ечим топиш мақсадида мазкур тадбирга вилоят Мажбурий ижро бюроси, Ички ишлар бошқармаси, шаҳар-туман ҳокимликлари, кадастр вакиллари, вояга етмаганлар билан ишловчи мутасаддилар, судьялар ва адвокатлар ҳамда психологлар жалб қилинди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари – вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Феруза Ибрагимова қатнашди.
Дарвоқе, фуқаро О.Одилова боласининг 14 ёшга тўлганини инобатга олиб, унинг ҳам фикрини билиш мақсадида амакиси билан бирга ушбу тадбирга таклиф этилди. Дастлаб мурожаатчиларга ҳуқуқ ва мажбуриятлари, судга даъво аризаси киритиш ҳамда ишларнинг кўрилиш тартиблари, даъвони рад этишга асос бўлувчи омиллар ҳақида судьялар томондан батафсил тушунтирилди.
Саъй-ҳаракатлар бесамар бўлмади, тадбир жараёнида тўртта мурожаат ижобий ҳал этилди.
Маълумот учун, Президентимизнинг 2022 йил 1 мартдаги “Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорида Қўмита ва унинг ҳудудий бўлинмалари ҳуқуқлари белгилаб берилган. Яъни, давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларига хотин-қизлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда оилани мустаҳкамлаш борасидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилиши, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шароитларни бартараф этиш бўйича кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритилади. Хотин-қизлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини кўзлаб судларга ариза (шикоят) ва даъволар киритилади. Хотин-қизлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда оилани мустаҳкамлашга доир ташаббуслар билан чиқиш ҳамда таклифлар киритиш каби бир қатор ҳуқуқларга эга.
Зариф Комилов,
ЎзА