Мурожаатларга эътибор давлатга ишончни оширади
“Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилади” деган тамойил ҳар бир ташкилот фаолиятида муҳим мезон сифатида қарор топмоқда. Бу, айниқса, аҳоли турмушида бевосита аҳамиятга эга бўлган газ таъминоти тизимида яққол намоён бўлмоқда.
“Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари томонидан амалга оширилаётган тизимли ишлар аҳоли мурожаатларига ечим топишда самарали натижалар бермоқда. Ҳар бир келиб тушган мурожаат жойига чиққан ҳолда ўрганилиб, муаммолар имконият доирасида тезкор ҳал этилмоқда, зарур ҳолларда эса қонун доирасида атрофлича тушунтиришлар берилмоқда.

Жумладан, Ғиждувон туманининг “Зарафшон” маҳалласида яшовчи Муяссар Қаҳҳарова хонадонидаги замонавий газ ҳисоблагичнинг носозлиги юзасидан мурожаат қилган. Масъуллар томонидан тезкор ўрганиш ишлари олиб борилиб, муаммо ижобий ҳал этилди — истеъмолчига туман газ таъминоти корхонаси ҳисобидан янги ҳисоблагич ўрнатиб берилди.
–Ҳисоблагичимиз носоз ҳолга келиб қолган эди. Мурожаат қилганимдан сўнг газ идораси вакиллари тезкорлик билан келиб, муаммони ҳал этишди. Янги ҳисоблагич ўрнатиб берилганидан мамнунмиз, –дейди Муяссар Қаҳҳорова.

Шунингдек, Шофиркон туманининг Қалмақон маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро уйида олиб борилаётган қурилиш ишлари сабабли газ қувурини хавфсиз ҳудудга кўчириш бўйича мурожаат билан чиққан. Ушбу мурожаат ҳам масъуллар томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганилиб, қисқа муддатда газ қувури хавфсиз ҳудудга кўчирилди.

Пешку туманининг Навбаҳор маҳалласида яшовчи Нормурод Неков эса ҳисоблагич қувватлагичи билан боғлиқ муаммосини билдирган. “Пешкутумангаз” корхонаси томонидан унинг мурожаати ҳам эътибордан четда қолдирилмай, қувватлагич зудлик билан янгисига алмаштириб берилди.
Филиал масъул ходими Фаррух Ражабовнинг таъкидлашича, ҳар бир мурожаат тизим ходимлари назоратида бўлиб, уларни ўз вақтида ҳал этиш асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Жорий йилнинг дастлабки ойларида вилоят бўйича 545 та мурожаат ўрганилган бўлиб, уларнинг 400 дан ортиғи ижобий ҳал этилган, қолганлари бўйича эса қонун доирасида тушунтиришлар берилган.
Хулоса қилиб айтганда, аҳоли мурожаатларига бефарқ бўлмаслик, ҳар бир масалага масъулият билан ёндашиш ва амалий ечимлар тақдим этиш халқ ишончини мустаҳкамлашнинг энг муҳим омилидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири